08:48 msk, 18 Сентябрь 2019

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: ИИВ видеорегистраторлар тақиқланган, дея билдирмоқда. Бунга қандай асослар бор?

02.06.2014 22:30 msk

Фарғона

Ўзбекистонда автомобиллар салонига видеорегистраторларни ўрнатиш тақиқланади. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг номи айтилмаган вакиллари телефон орқали “очиқ мулоқот”да билдирганлар. Мулоқотни 31 май куни “На посту” газетаси ёритган, дея хабар беради Газета.Uz.

Мисол учун, автомобилга “навигатор, видеорегистратор, экранга ёки орқа кўриниш кўзгусига чиқарувчи орқа кўриниш камерасини” ўрнатса бўладими, деган саволга давлат хизмати вакиллари “бу каби жиҳозларни ўрнатиш тақиқланади”, деб жавоб бердилар. Уларга кўра, автомобилни тўхтатган ЙҲХДХ ходимини видеосъемка қилиш тақиқланади, видеорегистраторни ўрнатиш эса йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузилишидир, чунки “видеорегистраторлар дисплейсиз бўлмайди”.

Норматив актларга мурожаат қиламиз. “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3.6 бандига мувофиқ ҳайдовчига “транспорт воситасини бошқариш пайтида телефондан, ишлаб чиқарувчи корхона томонидан транспорт воситаси салонининг олд қисмида ўрнатилган теле-, видеомонитордан фойдаланиш; транспорт воситаси салонининг олд қисмига, шу жумладан приборлар панелига, қуёш соявонига ва орқа томонни кўриш кўзгусига теле-, видеомониторлар ўрнатиш” тақиқланади. Маъмурий жавобгарлик кодексининг 128-2 моддасига мувофиқ “Транспорт воситасини бошқариш пайтида монитордан (дисплейдан) теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш ва транспорт воситасига ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш Транспорт воситасини бошқариш пайтида транспорт воситаси салонининг олд қисмига ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ўрнатилган монитордан (дисплейдан) теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш” энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шу билан бирга, қонунчиликда видеорегистраторларнинг тақиқланиши тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган.

Қайд этамиз, дисплейсиз видеорегистраторларнинг ассортименти жуда кенг, бу жиҳозлардан фойдаланиш регламенти ҳозирча ҳеч қаерда белгиланмаган. Боз устига, олдинроқ “Экономическое обозрение” нашрида (2013 йил №9) номи келтирилмаган адвокат ва ЙҲХДХ вакилининг билдиришича, “видеорегистраторларни автомобилларга ўрнатиш қонунчиликка зид келмайди. Баҳсли вазият юзага келганда, ушбу жиҳозлар иш тафсилотларини аниқлашга ёрдам бериши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 276 моддасига мувофиқ, “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишга оид далиллар ҳар қандай фактик маълумотлардан иборат бўлиб, органлар (мансабдор шахслар) шу маълумотларга асосланиб маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати юз берган ёки бермаганлигини, муайян шахснинг уни содир этишда айбдорлигини ва ишни тўғри кўриб чиқиш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни қонунда белгиланган тартибда аниқлайди.Бу маълумотлар қуйидаги воситалар: маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг тушунтиришлари, жабрланувчи, гувоҳларнинг кўрсатувлари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, ашё ва ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисида тузилган баённома, шунингдек бошқа материаллар билан белгиланади”. Бошқа материаллар сифатида видеорегистратордаги ёзувларни эътиборга олиш мумкин. Жиноят-процессуал кодексининг 91 моддасида эса “Далилларни қайд этиш учун баённома тузиш билан бир қаторда овоз ёзиш, видеоёзув, кинотасвир, фотосуратга тушириш, қолиплар тайёрлаш, нусхалар олиш, режалар, схемалар тайёрлаш ва ахборотни акс эттиришнинг бошқа усуллари қўлланилиши мумкин”, дейилган.

Кўринишидан, Ўзбекистон Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг “На посту” газетасида чоп этилган автомобил салонларида видеорегистраторларни ўрнатиш тўғрисидаги баёноти асоссизга ўхшаяпти.

Шу билан бирга, йўл-транспорт ҳодисаларини текшириш пайтида ҳамда қандайдир англашилмовчилик юзага келганда видеорегистратор ягона объектив ва холис гувоҳ бўлиши ҳамда ГАИ ходимининг содир бўлаётган ҳодисани ўз фойдасига талқин этишининг олдини олиши мумкин. Бироқ, Узметроном қайд этганидек, Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари азалдан жазога тортиш ҳуқуқига эга бўлган формадаги шахслар томонидан қонун бузилиши фоизини камайтиришга имконият берувчи ижтимоий ва фуқаровий назоратни истамай келади. ЙҲХДХнинг юқоридаги баёнотининг сабаблари ҳам ҳудди шу бўлиши мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги