01:38 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Хакерлар давлат сайтларини буздилар; ОАВ таъкидлашича, бу ишни ўзбеклар қилган

21.02.2013 17:21 msk

Фарғона

Озодлик радиоси хабар беришича, ўзбекистонлик бир гуруҳ ҳакерлар бир неча қирғиз сайтларини, шу жумладан, Ички ишлар вазирлиги, Давлат мулкини бошқариш фонди “АirBishkek” компанияси сайтларини ҳамда Бишкек пойтахт муниципалитетининг онлайн харитасини бузиб қўйганлар. Мазкур сайтларнинг бош саҳифасида рус, лотин имлосида “биз ирқчиликка қаршимиз!!!” ёзувлари ҳамда бу ишлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган Clone-Security ҳакерлик гуруҳи твиттер аккаунтининг манзили пайдо бўлган.


Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги веб-сайтининг ҳакерлар бузган веб-сайт скриншоти. Фото © Азаттык

Озодлик хабар беришича, 20 феврал оқшомида сайтга қилинган ҳужум учун масъулиятни зиммасига олган CLONE-SECURITY ҳакерлар гуруҳи Озодлик билан боғланиб, қирғиз ҳукуматининг ирқчилик сиёсатига қарши норозилик тариқасида бу амалга қўл урганини маълум қилди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг расмий вакили Жўрабой Абдураимов, идора Интернет сайтига ҳужум қилинганини тан олди.

- Бизга катта зарба бўлгани йўқ. Лекин, ҳақиқатан, ҳакер ҳужуми уюштирилгани аниқ. Бундан 10 кун аввал ҳукуматнинг расмий Интернет сайтига ҳам шундай ҳужум қилинган эди, деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмий вакили.

Ҳакерлар вакилининг Озодликка айтишича, мазкур акция 2010 йилги Ўш воқеалари ва ундан кейин Қирғизистонда "этник ўзбекларга нисбатан камситиш ҳолатларига" норозилик ўлароқ уюштирилган. Бу гуруҳ шу пайтгача Ўзбекистон ичкарисидаги сайтлар, асосан ҳукуматга қарашли Интернет порталларига ҳужум қилиб келаётган эди. 2011 йилда тузилгани айтилаётган гуруҳ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Миллий телерадиокомпания сайтларига ҳамла қилганди.

Интернет-технологиялар соҳасидаги экспертлар “Фарғона” агентлигига ҳакерлик ёки DDOS-ҳужумлари профессионал даражада амалга оширилса, уларнинг муаллифлари ва ёки ҳужум уюштирган мамлакатни анииқлаб бўлмаслигини тасдиқладилар. Шунинг учун жавобгарликни ўзбек ҳакерларига қўйилаётгани шубҳа уйғотади. Айнан Ўзбекистон давлат байроғи жойлаширилгани ҳужумни ўзбеклар уюштирганига шубҳалантиради. Ҳар холда, расмий Тошкент Қирғизистон жанубида ўзбеклар камситилаётгани борасида ҳеч қачон расмий баёнотлар билан чиқмаган, қирғизистонлик ўзбеклар ҳам ўзларини Ўзбекистон давлатининг бир қисми деб ҳисобламайдилар. Қирғизистоннинг давлат сайтларига ҳужумларда Ўзбекистоннинг давлат рамзларидан фойдаланиш бугунги кунда Бишкек ва Тошкент ўртасидаги мураккаб муносабатларни янада таранглаштиришга йўналтирилган провокацияга менгзайди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги