09:55 msk, 1 Октябрь 2014

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон: Тоғли Бадахшон вилоятида махсус хизмат генерали Абдулло Назаров ўлдирилди

23.07.2012 10:17 msk

Фарғона

Абдулло Назаров. Озоди фотоси
21 июль куни кечқурун Тоғли Бадахшон вилояти Ишкашим районида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) ҳудудий бошқармаси бошлиғи Абдулло Назаров ўлдирилди.

ИТАР-ТАСС хабар беришича, ҳодиса Хорог шаҳри четида, генерал хизмат машинасида Ишкашим район марказидан қайтаётганида содир бўлган. Номаълум кишилар гуруҳи унинг машинасини тўхтатиб, генерални ташқарига судраб чиқдилар ва бир неча маротаба пичоқ урганларидан сўнг яшириндилар.

Озоди (Озодлик радиоси тожик тили хизмати) маълумотига кўра, ҳужум содир этилган пайтда Назаровнинг ёнида “Альфа” гуруҳидан икки МХДҚ ходими бўлган, аммо улар генерални ҳимоя қила олмаганлар.

Тожикистон махсус хизматлари раҳбарининг муовини Мансуржон Умаров ИТАР-ТАСС агентлигига маълум қилишича, оператив-тергов бригадаси тузилган, “Перехват” (“тутиб олиш”) режаси эълон қилинган. Ушбу жинотнинг тафсилотлари ва сабаблари ҳозирча номаълум. Ўлдирилган генералнинг жасадини Душанбега олиб келдилар. Бошқа тафсилотлар маълум қилинмаяпти.

Абдулло Назаров 2010 йилгача Тожикистон МХДҚ раисининг муовини лавозимини эгаллаб келган, хавфсизлик қўмитасининг Сўғд вилояти бошқармасига раҳбарлик қилган. Қирғизистон матбуоти 2010 йил июли ва ноябрида бу одамни Қирғизистоннинг ағдарилган президенти Қурманбек Бакиевнинг қариндошларига бошпана берганликда айблаганди, дея эслатади Озоди . Назаров бу айбловларни инкор этди ва бу гапларнинг ҳаммаси Тожикистондаги вазиятни издан чиқаришга қаратилган, дея билдирди.

Сўнгги пайтларда генерал Назаровнинг номи 2010 йил августида МХДҚ Тергов изоляторидан қочган 25 та маҳбус борасида чиқарилган қарор муносабати билан матбуотда эсланди. Баъзи маълумотларга кўра, суд қўлга олинганлардан бирининг иқрорида бу ишда Назаровнинг роли тўғрисида “алоҳида ажрим” чиқарган.

Генерал Назаров 2009 йилда Озоди билан суҳбатда WikiLeaks сайтида чоп этилган генералнинг АҚШ ҳукуматининг расмий вакиллари билан учрашуви ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Ўтган йили у расмий Тошкент қувғиндаги полковник Маҳмуд Худойбердиевни қўллай туриб, унинг Тожикистонга қарши ҳаракатларига монеълик қилмаяпти дея Ўзбекистонни айблаганди.

”Фарғона” ахборот агентлиги