00:30 msk, 23 Сентябрь 2020

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Оммавий ахборот воситаларида танқидий чиқишлардан сўнг қонунга хилоф тарзда ишдан ҳайдалганлар қайта тикландилар

07.06.2012 14:47 msk

Фарғона

Оммавий ахборот воситаларида Тошкент вилоятининг Паркент шаҳрида ўқитувчиларни қонунга хилоф тарзда ишдан ҳайдалганлари ҳақида чоп этилган танқидий мақолалар ортидан кўринишидан адолат тантана қилаётганга ўхшаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Паркентда 1 июнь куни мактаб ва лицейлардан бирданига 14 та ўқитувчи ишдан бўшатилганди. Уларнинг айби – қариндошлари ёки яқинлари диний сабабларга кўра қамалган ёки қидирувда бўлган, баъзи ўқитувчилар эса фақат масжидга борганлари учун жабрландилар. Бундан ташқари, масжидга умуман бормаган ҳамда дунёвий ҳаёт тарзи кечириб юрган икки мактаб директори ваҳҳобийликда айблов билан ҳибсга олинган. Паркент тумани ИИБ уларга нисбатан жиноят ишини сохталаштираяпти. Шунингдек, диний экстремизмда гумонланган етти нафар маҳаллий фермер ва тадбиркорлар ҳам панжара ортига ташландилар.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи маълум қилишича, 6 июнь куни Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсмен) вакиллари ушбу ҳолатни ўрганиш учун Паркентга келдилар.

Туман халқ таълими мудири Муҳсиддин Ҳасанов эгаллаб турган лавозимдан бўшатилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхатини тақдим этган Паркент ТИИБ бошлиғи Шуҳратулло Ҳусановнинг қистови билан педагогларни қонунга хилоф тарзда ишдан бўшатганини тан олди. Шундан сўнг омбудсмен вакиллари Паркент ТИИБ бошлиғига мурожаат қилдилар.

Муҳсиддин Ҳасанов ўша куниёқ ўқитувчилари ишдан ҳайдалган саккизта мактаб ва лицейлар директорларини таклиф этиб, уларни ишда қайта тиклаш масаласини ҳал эта бошлади. Паркентга Ички ишлар вазирлигининг ички хавфсизлик бошқармасидан комиссия келиши кутилмоқда. Комиссия Паркент ТИИБ бошлиғининг ўз хизмат ваколатини суистеъмол қилиш ҳолатини ва ноқонуний ҳаракатларини ўрганиб чиқади. Паркентлик ўқитувчилар ЎМҲҲТГ офисига телефон қилиб, кўрсатилган ёрдам учун миннатдорчилик изҳор этаяптилар.

”Фарғона” ахборот агентлиги