23:53 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Санобар Шерматова: Ўзбекистон Исломий ҳаракати янги “буюртма” оладими?

30.09.2009 14:31 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларининг фаоллашиб қолганлари ҳақидаги Покистондан келаётган хабарлар кишида икки ҳил таассурот уйғотмоқда. Исломобод нафақат маҳаллий қуролли гуруҳлар, балки чет элликларнинг ҳаракатлари ҳақида ахборот олиб туради. Бундай гуруҳлар орасида собиқ Совет Иттифоқидан чиққан жангарилар ҳам бор. Аммо бу хабарлар нақадар ҳақиқатга мос келади?

Покистонликлар тақдим этаётган рақамлар (беш мингдан кам бўлмаган ЎИҲ аъзолари) изоҳ талаб этади. Мисол учун, чет эллик жангариларнинг ҳисоб-китоби қай тарзда юритилади? Ахир улар доим жойларини ўзгартириб юрадиларку!? Батафсил маълумотлар ва манбаларга ишоралар йўқ бўлгани учун ушбу рақамлар ҳавода муаллақ осилиб қолмоқда.

Яна бир ҳолат ушбу маълумотларга ишончсизлик уйғотмоқда. Беш минг қуролланган жангарилардан иборат қудратли ҳаракат мантиқан қараганда, қандайдир йўл билан бўлсада ўз фаолиятини Марказий Осиёда намаён қилиши керак эди. Бу ҳаракат ўз олдига қўйилган мақсадларидан ушбу минтақани чиқариб юбормаганига шубҳа йўқ. Ўтмишда ЎИҲ етакчиси Тоҳир Йўлдош ҳаракат минтақавий нишонлар ўрнига глобал мақсадларни кўзлашга ўтгани ҳамда бутун дунё бўйлаб халифат тузиш сари ҳаракатланаётгани ҳақида билдириб келган бўлсада, Марказий Осиё ўзбек жангариларининг нишонидан четда қолиб кетгани йўқ.

Сўнгги пайтларда ЎИҲ фаоллиги жорий йилнинг баҳор ва ёз мавсумларида қайд этилганди. Ўшанда Покистон кучлари мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида махсус операция ўтказаётган эдилар. Ушбу ҳудуларда ЎИҲ жангарилари жойлашиб олганлари тахмин қилинаётганди. Жангарилар Ўзбекистон ва Тожикистонда янги базалар ташкил этишга уринмоқдалар деган миш-мишлар пайдо бўлди. Кўринишидан, Андижон вилоятидаги ҳудкушларнинг ўзини-ўзи портлатиш акциялари қўпорувчилик оперциясидан кўра кўпроқ умидсизлик акцияларига ўхшаб кетаяпти. Тожикистонда эса ҳукуматга қарашли кучлар Афғонистондан ўтган жангариларга қарши анча муваффақиятли операциялар ўтказдилар. Марказий Осиёга кенг кўламли ҳужум амалга ошмади ва бунинг сабаби инсон ресурсларининг етишмаслиги билан изоҳлаш мумкин.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг “ботиши” 2001 йилда, америка-инглиз қўшинларининг “Толибон” ҳаракатига қарши чиқишидан бошланди дея саналади. Жангарилар қисман йўқ қилинди, қолганлари эса толибларнинг зарур кўмагидан маҳрум бўлдилар. Аммо ЎИҲ аҳволини ёмонлаштирган яна бир ҳолат бор. Шу пайтга келиб Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги зиддиятли муносабатлар қабатида ишлатиб келинган бу ҳаракатга сиёсий эҳтиёж йўқолди. Икки мамлакат ўртасидаги муносабат бутунлайига яхши бўлиб кетди деб бўлмаса ҳам, минтақада вазият бошқача бўлиб қолди.

Ҳарбийлаштирилган гуруҳлар ёрдамида сиёсий муаммоларни ҳал қилишга уринишлар ўзининг самарасизлигини кўрсатиб қўйди. Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юрган полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг Тожикистон шимолига юриши (1998 йил) бу мамлакат раҳбарияти сиёсатини Ўзбекистонга нисбатан яхши томонга ўзгаришга олиб келгани йўқ. Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларининг 1999 ва 2000-чи йилларда Ўзбекистон ҳудудига ҳужум қилишга уринишлари эса Ислом Каримовнинг ғарбга ён берувчи сиёсатига таъсир қилгани йўқ.

Аммо вазият бугунга келиб яна ўзгарди. Энди ЎИҲ Афғонистон шимолида ҳамда унга ёндашган ўзбек ва тожик ҳудудларида фаоллашувга “буюртма” олиши мумкин. У ердан НАТО қўшинлари учун ёқилғи ва озиқ-овқат етказилмоқда. Хайбар довонига ишонч йўқлиги туфайли шимолий йўналишлардан фойдаланишга ўтган коалиция кучлари ортидан толиблар ҳам ўз назарларини шимолга қарата бошладилар. Бу жойлар эса ЎИҲ аъзоларига яхши таниш: 90-чи йилларда Исломий ҳаракатнинг бўлажак аъзолари тожикистонлик мухолифатдаги сафдошлари билан бирга Аҳмадшоҳ Маъсуднинг меҳмондорчилигидан фойдалангандилар. Боз устига, бу ҳудудларда ўзбеклар ва тожиклар яшайдилар.

Сентябрь ойининг бошида НАТО қўшинлари учун аталган иккита бензин юкланган автоцистернанинг қўлга олинишини толиблар янги йўналишни эътиборсиз қолдирмаганларининг биринчи ишораси сифатида қабул қилиш мумкин. Бунга жавоб тариқасида оширилган авиация ҳужуми оқибатида дастлабки маълумотларга кўра, юздан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлдилар, уларнинг орасида аёллар ва болалар ҳам бор эди. Бундан кейин маҳаллий аҳолининг кимга тарафдор бўлишлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади: бепул бензин тарқатаётган толибларми ёки тинч аҳолини қираётган иттифоқчиларми. Бундай тактикадан бошқа фойдаланмайдилар дейишга кафолат йўқ. Нисбатан тинч саналган Афғонистон шимолида толибларнинг фаоллашувига Германия қуролли кучлари масъул бўлган ҳудудларда НАТОга қарашли зирҳли техникани портлатишлар ҳам далил бўлмоқда. Ушбу фаоллик Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари ёрдамда чегара ортига ўтиши эҳтимоли ҳақидаги савол ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Санобар Шерматова, “Новости” РАА экспертлар кенгашининг аъзоси, “Фарғона.Ру” учун махсус