03:06 msk, 23 Ноябрь 2019

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Бирлик” етакчиси Пўлат Охунов Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилган ва Қирғизистонга депортация қилинган

12.08.2008 15:44 msk

Фарғона.Ру

Шу кунларда мухолифатдаги “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раисининг муовини Пўлат Охунов Андижон вилояти кучишлатар тузилмалари ходимлари томонидан маҳфий равишда қўшни Қирғизистон ҳудудига олиб чиқиб кетилган, дея хабар беради Озодлик овози мухолифатдаги партиянинг матбуот хизматига таянган ҳолда.

Партия вакилига кўра, Пўлат Охунов 11 август куни АҚШда мажбурий муҳожрликда яшаётган партия раисига телефон қилган ва ўзининг Бишкекда эканлигини маълум қилган. Уни Андижон вилояти ички ишлар ходимлари Қирғизистон пойтахтига келтириб ташлаганлар.

“Телефон орқали суҳбатда Пўлат Охунов уни Шаҳрихон туман ички ишлар бўлимига чақиртириб, президент фармони билан Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилганини, шунинг учун ҳам уни учинчи мамлакатга чиқариб юбориш учун ҳужжатлар тайёрланаётгани маълум қилишганини айтди. Охуновни машинага ўтқазиб қандайдир ҳужжатлар билан Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига, у ердан эса тўппа-тўғри Бишкека олиб келиб машинадан чиқариб ўзлари кетиб юборганлар”, - деди Озодлик овози мухбирига “Бирлик” вакили.

Эслатиб ўтамиз, Пўлат Охунов 1995 йилда Ўзбекистонни тарк этган, унинг оиласи Швецияда. Бир ярим йил илгари Охунов 45 ёшга кириши муносабати билан Ўзбекистонга қайтиб паспортини алмаштирмоқчи бўлган. Аммо масъул идоралар унга янги паспорт бермай келганлар.

“Ўзбекистонлик махсус хизмат ходимларининг Қирғизистонда бемалол юрганлари бизни ҳайрон қолдирмоқда: улар истаган пайтда мамлакатга кириб истаган одамларини олиб чиқиб кетмоқдалар ва ҳатто ўзлари учун ноқулай бўлган кимсаларни чиқариб юбормоқдалар. Қирғизистон томони бу бедодликларнинг барини индамасдан кузатмоқда, холос. Бу барча халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши эмасми”, - дея қайд этишмоқда мухолифатчилар.

Кеча партия раиси билан телфон орқали суҳбат чоғида алоқа узилганидан кейин Бишкекда пул маблағисиз ва ҳужжатларсиз қолган Пўлат Охуновнинг турган жойини аниқлашга уринишлар зое кетгани хабар қилинганди. Аммо партия матбуот хизматига тегишли интернет саҳифада Пўлат Охунов ҳақида 11 август куни берилган сўнгги материалда унинг уйга телефон қилгани ҳамда “Бишкек яқинида телефон қилиш қийин шароитда, аммо соғ-саломат эканлигини билдирган. Бугун, балки, эртага ҳам ўша ерда бўлиши мумкин, кейин Бишкекга келиб керакли ишларни қилишга бошлайди”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда “Фарғона.Ру” АА мухбирлари Пўлат Охунов билан боғланишга ва унинг ўзидан маълумот олишга уринмоқдалар.