05:55 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда давлат тили таълимини ўзбек тили ҳисобига яхшиламоқчилар

21.08.2007 17:34 msk

Абдумўмин Мамараимов

Фарғона.Ру Қирғизистоннинг ўзбек тилли Оммавий ахборот воситалари Фан ва таълим вазирлигининг ўзбек мактабларида ўзбек тили ва адабиёти соатларини қисқартириш ҳисобига қирғиз тилини ўқитиш соатларини кўпайтириш тўғрисидаги буйруғи муносабати билан шов-шув кўтармоқдалар.

Ўш шаҳрида чоп этиладиган "Ахборот" газетасининг хабар беришича, буйруқ 2007 йил июнь ойида "Қутбилим" педагогик газетасида эълон қилинган. Таътил вақти бўлгани учун ҳужжат жамоатчилик назаридан четда қолган. Буйруққа мувофиқ, энди ўзбек мактабларида 6-синфдан 11-синфгача ўзбек адабиётини ўқувчилар ҳафтасига бир соат ўрганадилар, холос. Шўролар даврида бу кўрсаткич 6 соатдан 9 соатгача эди. Қирғизистон мустақилликни қўлга киритганидан буён ўзбек тили ва адабиёти дарслари ҳафтасига олти соатдан (5-синфлар) уч соатгача (7-11 синфлар) қисқарган. "Бўшаб қолган" соатлар ҳисобига таълим вазирлиги қирғиз тили ва адабиёти соатларини кўпайтиришга қарор қилган.

Ўзбек жамоатчилиги етакчилари, парламент депутатлари "Ахборот" газетасидан ҳукумат олдида бу масалани қўйиш учун уларнинг номига мурожаатнома уюштиришни сўраганлар. Жалолободда ўзбек ва қирғиз тилида чиқадиган "Дийдор" газетаси ҳозирча ўқитувчилар ва жамоатчиликка бу муаммога ўз муносабатларини билдиришни сўраш билан кифояланган.

Ўш шаҳрида жойлашган "Стандарт групп" ва "Голден Гоал" ширкатининг юристлари Советбек Зокиров и Фарҳод Эргашев мамлакат конституциясида барча этник гуруҳлар вакилларининг ўз она тилини ўрганиш, ривожлантириш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи мустаҳкам ўрин олганини эслатмоқдалар. Улар муаммони “биргаликда, қонунга асосан, шошқалоқликка, камситишларга ва миллатлараро низоларнинг келиб чиқишига йўл қўймай” ҳал этиш лозим, деб ҳисобламоқдалар.