22:45 msk, 22 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: “Манас ўрдў” мақбараси ҳудудидаги қазилмалар тўхтатилди

06.08.2007 20:26 msk

24.kg

6 август куни Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Бўлўтбек Шерниязов мамлакат президенти маъмурияти раҳбари Медет Садирқуловга таянган ҳолда ҳукумат буйруғига биноан Талас вилоятидаги “Манас ўрдў” мақбараси ҳудудида олиб борилаётган барча ноқонуний қазилма ишлари тўхтатилганлигини маълум қилди, дея хабар беради “24.kg” ахборот агентлиги.

Эслатиб ўтамиз, қандайдир грузиялик археологлар Қирғизистонда Манас мақбараси ҳудудида қазилма ишлари олиб бораётганлари ҳақидаги маълумотлар жорий йилнинг июль ойида пайдо бўлган эди. Қазилма ишларининг бошланиши ҳақида расман эълон қилинмаган, бу ишларнинг ўтказилиш зарурлиги асослаб берилмаган эди. Республика жамоатчилиги қирғизлар учун муқаддас ҳисобланган жойларда бу каби ишларнинг ўтказилишига қарши кескин норозилик билдирган.

Археологлар нимани қидираётганлари номаълум. Қирғиз кинорежиссёри Эрнест Абдижапаровга кўра, улар қирғизларнинг аждодлари яширган тўрт минг тонна олтинни қидирмоқдалар.

Яна бир фараз - қандайдир афсонавий, оламнинг тузилишига таъсир қила оладиган бриллиант илон қидирилмоқда.

Бўлўтбек Шерниязов “фақат шовқин кўтарган жамоатчиликнинг ҳаракатлари туфайли “қора археологлар”нинг ишини тўхтатишга муваффақ бўлинди”, дея таъкидлайди.