00:45 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Қотилликнинг қурбони тирик, аммо судланувчилар панжара ортида қолдилар

27.07.2007 20:34 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

27 июль куни Жалолобод вилоятига қарашли Бозорқўрғон туман суди аслида соғ-саломат қолган йигирма икки ёшли Майрам Заированинг ўлдирилиши тўғрисидаги иш бўйича ўз ҳукмини чиқарди. Қотилликнинг тахминий қурбони бўлмиш Майрам Заирова суд залига шахсан келиб, узоқ вақт давомида қўшни республикада истиқомат қилаётганини ва у ерда турмушга чиққанини маълум қилди.

2007 йил февраль ойининг охирида туман маданият уйининг ертўласида кўплаб пичоқ зарбаларидан ярадор бўлган номаълум аёлнинг жасади топилган эди. Жасаднинг шахсини аниқлаштириш учун таклиф этилган яқинлар ва танишлар бу қизнинг қишлоқда анчадан бери кўринмай қолган Майрам Заирова эканини айтганлар. Энди маълум бўлишича, у бошқа қишлоққа, тутинган онасининг олдига кетган, у ердан эса Ўзбекистонга йўл олиб, ўша ерда эрга теккан экан. Тўрт ой давом этган тергов мобайнида на Заирова ва на унинг тутинган онаси қизнинг “ўлдирилгани” ҳақида билмаганлар, аммо терговчилар буни исботлай олишиб, ишни судга оширганлар. Тергов давомида ўз “айб”ига иқрор бўлган судланувчилардан бири Ёрқиной Мамажонова маҳкама жараёнида терговчилар босими остида аввал берган ўз кўрсатмаларидан бош тортган. Бошқа судланувчи эса ўзига қўйилган айбловни тан олмаган.

Бугунги маҳкама йиғилишида туман прокурори Расул Умаров ҳакамдан ишни қайта текширувга жўнатишни, судланувчиларни эса, қўшимча тафсилотлар аниқлангунча, ҳибсхонада ушлаб туришни сўраган. Ўзининг илтимосини у шу пайтгача Заированинг жасади деб ҳисоблаб келинган мурданинг мавжудлиги ва судланувчиларнинг бу қотилликка алоқаси борлиги эҳтимоли билан изоҳлаган. Ҳакам Мамасали Тўқтўмишев, июль ойининг бошида кучга кирган янги қонунга таянган ҳолда, прокурорнинг илтимосини қондирган.

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, Қирғизистон президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раисининг ўринбосари Азиза Абдурасулова ва маҳкама жараёнида иштирок этган бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, судланувчилар суд залининг ўзидан озод қилиб юборилишлари керак эди. Ҳакам ва судланувчиларнинг адвокатларига кўра, агар терговда судланувчиларнинг ҳозирча шахси аниқланмаган мурданинг ўлдирилишига алоқаси борлиги юзасидан шубҳага асос пайдо бўлмаса, 27 июль куни чиқарилган суд ҳукмининг қонуний кучга кириши билан фақат ўн кундан кейин “қотил”лар озод қилинишлари мумкин.

Ушбу ишнинг тафсилотлари ва Қирғизистон қонунчилигининг хос хусусиятлар ҳақида яқин кунларда “Фарғона.Ру” сайтида ўқийсиз.