06:11 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда 2025 йилгача тўртта йирик ГЭС бунёд этилади

04.12.2018 10:54 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги ГЭС. Brbook.uz сайти фотоси
2025 йилгача Ўзбекистонда 30 МВт қувватга эга тўртта гидро электр станцияси ва 30 МВт қувватини берувчи 16 та кичик ГЭСлар қурилади. Жамоат муҳокамасига тақдим этилган 2020-2024 йилларда гидроэнергетика тармоғини ривожлантириш Концепцияси лойиҳасида мана шу ҳақда сўз юритилади.

Ҳужжат «Ўзбекгидроэнерго» АЖга қарашли “Гидролойиҳа” ташкилоти томонидан тақдим этилган. Агар Концепцияда тилга олинган таклифлар амалга оширилса, мамлакатда йиллик электр энергиясини ишлаб чиқариш 2,8 млрд кВт/с.дан ортади.

Ҳозирда Ўзбекистондаги барча станциялар қуввати 14 100 мегаваттни (МВт) ташкил этиб, улар йилда 70 млрд кВт/с.дан ортиқ энергия ишлаб чиқаради. 1854 МВт қувватига эга гидро электр станциялари 6,5 млрд кВт/с электр энергиясини ишлаб чиқармоқда. Ўзбекистоннинг бу соҳадаги потенциали йилига 27,5 млрд кВт/с ҳисобланади, яъни бугунги кунда бор имкониятнинг 30 фоизи ишга туширилган, деб ҳисоблайди “Гидролойиҳа”.

Бундан ташқари, потенциал бундан 30 йил олдин ҳисоблаб чиқилган ва у замон талабига жавоб бермайди. «Ўзбекгидроэнерго» Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан бу соҳадаги Ўзбекистон салоҳиятини ўрганиб чиққан.

Республикада электр энергияси асосан «Ўзбекэнерго» ( 90% ) ва «Ўзбекгидроэнерго» (10%) компаниялари томонидан ишлаб чиқарилади. Мамлакатда 80 фоиздан ортиқ электр қуввати табиий газ ҳисобига ишлаб чиқарилади. Вазиятни ўзгартириш учун гидро электр станцияларидаги эскирган ускуналарни замонавий технологияларга алмаштиришга тўғри келади. Мамлакатда мавжуд 37 та ГЭСдан еттитаси мустақиллик даврида қурилган, қолганлари бундан 30-80 йил олдин ишга туширилган бўлиб, улардаги ускуналар эскириб бўлган. Ҳужжатда янги станцияларни қуриш қатори, мавжуд 21 та станцияни беш йил ичида модернизация қилиш ҳақида сўз юритилади. Лойиҳаларнинг умумий қиймати $2,68 млрд бўлиб, ундан $2 млрд ўз ҳисобига ва $643 млн кредит ҳисобига амалга оширилиши кўзланган.

2017 йили Туябуғуз сув омборида кичик ГЭС, Катта Фарғона каналида кичик ГЭСлар занжири, Оҳангарон дарёсида “Қамчиқ” кичик ГЭСи, Тўполанг дарёсида “Зарчоб” кичик ГЭСлари қурилиши бошланган. 2018 йили биринчи қуввати $364,6 млн.га тенг ўнлаб лойиҳалар амалга оширила бошланди.

«Ўзбекгидроэнерго» Туябуғуз ГЭСини 2018 йил охирида ишга туширишни режалаштирган. Станциянинг қуввати 12 МВт, сув омборининг баландлиги – 30 метр, сиғими – 250 млн куб метрдан иборат. Мутахассисларнинг ҳисобига кўра, ГЭС тўрт йилда ўзини оқлайди, чунки унинг агрегатлари 11 ой мобайнида тўхтовсиз электр энергиясини ишлаб чиқаради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги