06:12 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Уральскдаги университетда ўзбекистонликларни ўқишга қабул қилишда кўзбўямачиликка йўл қўйилган

03.12.2018 17:21 msk

Фарғона

ЮУрГАУ биноси. YouTubeдаги "Это Челябинск" телелойиҳасидан лавҳа
Россия Тергов қўмитасининг Челябинск вилояти бўйича бошқармаси Жанубий Уралськ давлат аграр университети (ЮУрГАУ) даги ўзбекистонликларни ўқишга қабул қилиш билан боғлиқ қаллоблик ишларини ўргана бошлади. Бу ҳақда Znak.com хабар беради.

Мазкур ўқув даргоҳидаги қонунбузарлик ишлари Тергов қўмитасининг Троицк шаҳар бўлимига берилди. Троицк терговчилари жиноий иш қўзғатилиши борасида қарор Челябинскда қабул қилиниши маълум қилиб, бу ишга дахлдор батафсил маълумотларни нашрга билдиришдан бош тортган.

Жанубий Уралськ давлат аграр университетидаги муаммолар 2017 йили бошланган. Ҳуқуқ-тартибот органлари, Роспотребнадзор, университет муассиси бўлмиш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан олиб борилган текширувлар университет бакалавриат ва мутахассислик дастурларига ўзбекистонлик талабалар имтиҳонсиз қабул қилинганини аниқлаган. Текширувлар жами 43 қонун бузилиши ҳолатини аниқлаган. Уларни бартараф қилгунга қадар университет бир неча йўналиш бўйича аккредитациядан маҳрум қилинган.

Ўшанда жиноий иш қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинмаганди, бироқ университетнинг қабул комиссияси бўйича проректори Константин Сазонов ишдан олинган эди. Шунингдек, проректор Сергей Золотих, аввали пора олганликда айбланган факультет декани Дмитрий Вильвер, ОТМгача тайёргарлик маркази ходимаси ишдан олинган.

Текширувлар чоғи маҳаллий ОАВга университет ректори Виктор Литовченкони айбловчи аноним хатлар келиб тушган. Уларда ёзилишича, Ўзбекистон фуқароларининг ноқонуний ўқишга киритилиши ортида шахсан ректорнинг ўзи турган. Мактуб муаллифларининг ёзишича, ҳужжатлар бўйича катта балларни қўлга киритган ўзбекистонлик талабалар аслида рус тилини яхши билмайдилар.

Университет сайтида раҳбариятнинг 2017 йили Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюргани тўғрисида маълумотлар бор. Жумладан, ректор Литовченко проректор Золотих билан биргаликда Ўзбекистон сув ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари, Тошкент, Самарқанд, Андижондаги аграр ОТМ раҳбарлари билан учрашган. Ташриф давомида томонлар ўзбекистонлик талабаларни қабул қилишни кўпайтириш ва ўзаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганлар. Жанубий Уралськ давлат аграр университети маълумотига кўра, Ўзбекистон ОТМлари билан алоқалар 2008 йили бошланган. Ўтган йиллар давомида Россия университетида 700 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талабалар билим олганлар.

Қоидага кўра, Россия ОТМларидаги бюджет ўринларида ўқимоқчи бўлган ўзбекистонлик абитуриентлар дастлаб ўз аризаларини Russia.Study сайтига топширади. Танлов Россотрудничество ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида бўлиб ўтади. Квота учун аризалар бепул кўрилиб чиқади. Россия олий таълим даргоҳларида контракт тўлов асосида ўқимоқчи бўлган абитуриентларга мазкур хизмат 15 минг рублга ($225) тушади. Ўзбекистондаги Россотрудничество ваколатхонаси маълумотларига кўра, 2017 йили Россия ОТМларида 24 минг нафар ўзбекистонлик талабалар таълим олганлар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги