06:12 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда матбуот “тўртинчи ҳокимият”га айланиши мумкин

30.11.2018 15:05 msk

Фарғона

Комил Алламжонов. Gazeta.uz сайти фотоси
Бундан икки кун олдин Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг бош директори вазифасини бажарувчиси лавозимига тайинланган Комил Алламжонов Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг эркин ишлаши, уларга “тўртинчи ҳокимият” мақоми қайтарилишини ваъда қилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebookдаги саҳифасида ёзади.

«Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентилиги раҳбарлигини менга ишониб топширишар экан, мен ушбу муассаса журналистлар фаолиятининг эркинлигини кафолатловчи ҳамда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантиришга кўмаклашувчи ташкилот сифатида шаклланишига бор кучимни сафарбар этишга ҳаракат қиламан», — деб ёзади Алламжонов.

У ўз мурожаатида икки марта президент номини тилга олади, давлат раҳбарининг журналистлар танқид билан шуғуллана бошлаганини ёқлаб айтган гапларидан уч жумлани келтиради ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг турмуш ва меҳнатини яхшилаш кераклигига эътибор қаратади. «Мамлакатимиз раҳбари юртимизда сўз эркинлигига катта эътибор қаратмоқда ва бу борада ўз ҳиссамни қўшиш мен учун шараф ва масъулиятли вазифадир», — дейди агентликнинг янги раҳбари.

Алламжонов, шунингдек ташкилот коллективи билан бирга тушган суратини чоп этиб, дастлабки учрашув ҳаяжонли кечганини ёзади. Уни коллектив билан Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Анварович Қўчқоров таништирган.

Эслатиб ўтамиз, Алламжонов октябрь ойида президент матбуот котиби ва давлат раҳбари администрацияси бошлиғининг ўринбосари вазифасидан озод қилинганди. У ишдан кетиш сабабини ёзмаган, лекин айрим ОАВ саломатлиги туфайли ишдан кетгани ҳақида хабарлар тарқатган. Алламжонов матбуот котиби вазифасида ишлаганида давлат раҳбари тўғрисида ижтимоий тармоқларда кўплаб материаллар бериши, турли масалаларда расмий изоҳлар бериши билан кўпчиликнинг ёдида қолди. Лекин уни мустақил нашрлар журналистларини расмий анжуманларга қўймаганликда танқид қилишган.

Ўзбек ОАВ маълумотларига кўра, Алламжонов Soliq info газетаси, Milliy TV телеканали ва Turon24 ахборот агентлигининг соҳиби ҳисобланади. Ўзбекистон қонунчилиги раҳбарларга бизнес билан шуғулланишни тақиқламайди, лекин давлат хизматчилари ишида манфаатлар зиддияти аралушувини чеклайдиган қоида мавжуд.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентилиги ОАВ борасида давлат сиёсатини шакллантириб, уни амалга оширадиган ташкилотдир. Жумладан, агентлик янги нашрларни рўйхатдан ўтказади, матбуот қонунчиликни бузмаслигини назорат қилади. Агентлик тасарруфига бир неча босмахоналар, нашриётлар, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона киради. Унга шунингдек, ўзбек тилини хорижда тарғиб этиш, ўзбек адабиётини халқаро китоб бозорида илгари суриш вазифалари топширилган.

Лекин шунга қарамасдан агентлик ОАВ устидан қаттиқ назорат ўрнатишга бўлган ҳаракатлари билан жамоатчилик эътиборини қаратиб келган. Агентликнинг аввалги раҳбари Лазиз Тангриев матуботда “маънавият кушандалари”га қарши кескин чиқишлар қилган. У маҳаллий ОАВларга мактуб йўллаб, унда “миллий қадриятлар ва журналистлар нуфузини” пастга ураётганларга қарши кескин фикрини билдирган. Агентлик матбуот анжуманини ўтказиб, унда нашрларда йўл қўйилаётган имло ва стилистик ҳатоларга эътибор қаратган. Шу йилнинг июль ойида Агентлик ҳамкорлигида Самарқанд STV каналининг иши тўхтатилди. Бунга эфирда “Мен - афсонаман” фильми ва «Sausage party» (ўзбекчаси – «Тўлиқ ҳузур-ҳаловат») мультфильмининг намойиш этилгани сабаб бўлган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги