06:32 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича вазир ўринбосари иш бошлайди

30.11.2018 12:42 msk

Фергана

ЖСТ байроғи. Crwflags.com сайти фотоси
Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги таркибида Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши масалалари бўйича вазир ўринбосари лавозими жорий этилди. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори 27 ноябрь куни имзоланди, дея хабар беради Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Вазир ўринбосари ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокара гуруҳи раҳбарига раҳбарлик қилади ҳамда ташқи савдода божхона ва тарифларни тартибга солиш, импортни оптималлаштириш, транспорт коридорларини ривожлантириш ва экспорт йўналишларини диверсификация қилиш ишлари билан машғул бўлади.

Шу билан бирга, Ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон билан ЖСТ ўртасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича янги бошқарма тузилади. Бу тузилма зарур бўлган материаллар ва ҳужжатлар тўпламини йиғади ва тайёрлайди, шунингдек, миллий қонунчиликнинг ЖСТ битимлари талабларига мослаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади.

Президент қарорида, шунингдек, Ҳудудлар маҳсулотларини экспорт қилишни ривожлантириш бўлимини Ҳудудлар ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш бошқармасига айлантириш тўғрисида банд бор. Ушбу тузилма ходимлари олдига доимий ҳамкорларни излаш йўли билан мева-сабзавот экспортини амалга оширишга амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси қўйилган.

Киритилаётган ўзгартиришлар муносабати билан бошқарма ходимларининг сони 67 тадан 82 тагача кўтарилган.

Ўзбекистон Жаҳон Савдо Ташкилотига кириш учун 1994 йилда ариза берган, ишчи гуруҳларининг учта учрашувида қатнашган. Бу жараён 2005 йил октябрида, Андижондаги фожиали воқелардан сўнг тўхтаб қолган. Шунга қарамай, Ўзбекистон ўз қонунчилигини ЖСТ талабларига жавоб берадиган тарзда ўзгартириб келган ва 2017 йилда Жаҳон Савдо Ташкилотига кириш бўйича ишларини қайта тиклаган.

Жорий йилнинг октябрида халқаро савдо ҳуқуқи соҳасида мутахассис, АҚШ Халқаро ривожланиш агентлигининг эксперти Йован Йекич Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ЖСТга кириш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлангани тўғрисида хабар берилганди.

Эксперт зиммасига ЖСТ котибиятига тақдим этилиши учун республиканинг ташқи савдо режимини таърифловчи асосий ҳужжатларни тайёрлаш, миллий қонунчиликка ЖСТ меъёрларига мос келувчи ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, ташкилотга кириш жараёнида музокараларга кўмак бериш ва бошқа вазифалар юклатилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги