06:12 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

2018 йили Ўзбекистонда қазиб олинган табиий газ ҳажми 60 млрд кубометрдан ошиб кетди

30.11.2018 09:52 msk

Фарғона

"Ўзбекнефтгаз" биноси. Kommersant.uz сайти фотоси
2018 йилда Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш ҳажми 61 млрд кубометрни ташкил этиши кутилмоқда ва бу 2017 йилга нисбатан 5,2 млрд.га кўпдир, дея «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси (МХК) маълумотларига таянган ҳолда Kun.uz нашри хабар беради.

Ўтган йил МХК 2018 йили газ қазиб олиш суръати 16,8 фоизга ортиб, 66 млрд кубометр бўлишини прогноз қилганди.

Минерал-хом-ашё базасини ривожлантириш ва такрор ишлаб чиқариш дастурини амалга ошириш бошланганидан буён (2017 йил ва 2018 йилнинг 10 ойи) углеводороднинг саноат оқимлари олинадиган 10 та янги нефть ва газ кони очилди. Булар Устюрт минтақасидаги иккита (газ конденсати - Бешқалъа ва Қуйи Сурғил), Бухоро-Хива минтақасида 7та (газ-конденсат - Шўртак, Марварид, Топичаксой, Чордорбоза, Андақли, Тўмарис, Жанубий Қулбешкак) ва Фарғона вилоятида битта (нефть-газ конденсати - Учтепа) конларидир.

Шу билан бирга МХК яқин келажакда аҳоли ва корхоналарни газ билан таъминлашда инновацион чораларни қўлланишини маълум қилади. 2022 йилгача Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда газ тақсимот тармоқлари автоматлаштирилган тижорат газ тизимига уланади. Бу борада тажриба лойиҳаси Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ишга туширилган. Саноат корхоналарига келсак, газчилар янги газ қувурларини қуриш, амалдаги компрессор станцияларини таъмирлаш, табиий газ оқимини бошқариш ва мониторинг қилиш (SCADA) тизимини ишга туширишни амалга оширадилар.

Холдинг ноябр ойида газ ёнилғиси дефецитини олдини олиш мақсадида автомобилларга газ ёнилғиси қуйиш шаҳобчаларига хом-ашё етказиб беришни кўпайтирганини таъкидлайди. Бу ишлар ҳозирда ҳам давом этмоқда, чунки мазкур шаҳобчалардаги газ ёнилғиси 2,3 млн тонна бензин эквивалентига тенг эҳтиёжни қоплайди. Бундан аввал Ўзбекистон Молия вазирлиги газ шаҳобчалари раҳбарларини метан ва пропан газлари нархи кўпайтирилган тақдирда уларга нисбатан санкциялар қўлланишидан огоҳлантирганди.

Республика Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2017 йили республикада табиий газ қазиб чиқариш 0,5 фоизга ортган ва 56,4 млрд кубометрни ташкил этган. 2016 йили мазкур кўрсатгич 56,1 млрд кубометр ҳисобида бўлган. Шу билан бирга нефть қазиб чиқариш 6,3 фоизга қисқарган, яъни 860,1 минг тоннадан 806 минг тоннага тушиб кетган Лекин ВР маълумотига кўра, 2016 йили Ўзбекистонда 2,6 млн тонна нефть қазиб олинган.

Шуни таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг сентябрь ойида “Ўзбекнефтгаз” раҳбари ўзгарди. 2015 йилдан бери холдингни бошқариб келган Алишер Султонов ўрнига Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси вазифасида ишлаган Баҳром Ашрафхонов тайинланди. Мирзиёев холдингни бир неча бор танқид қилиб, унда қатор лойиҳаларни амалга ошириш ва соҳага инвестициялар киритиш ишлари пайсалга солинганига эътибор қаратганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги