06:45 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентликларга халқ чолғу оркестри жўрлигида овозсиз кино кўрсатилади

29.11.2018 15:07 msk

Фарғона

1 декабрь куни Тошкентда “Суғдиёна” ўзбек давлат халқ чолғулари камер оркестри ҳамроҳлигида немис-америка кинорежиссёри Эрнст Любичнинг “Қўғирчоқ” фильми намойиш этилади. Бу ҳақда “Фарғона” мухбири хабар беради. Бундан аввал фильм Бухоро, Қарши ва Термизда илиқ кутиб олинди.


Эрнст Любичнинг "Қўғирчок" фильми афишаси

Ўзбекистондаги Германия элчихонасининг мазкур лойиҳаси республика Маданият вазирлиги кўмагида амалга оширилди. Фильм намойиши учун оркестрнинг бадиий раҳбари, профессор Феруза Абдураҳимова махсус мусиқа композициясини яратди.

“Қўғирчоқ” фильми 1919 йили яратилган. Картинага кўра, йигит уйланишдан қутулиш учун ибодатхонага яшириниб олади. Роҳибалар унга қўлда ясалган қўғирчоқни совға қилишади. Лекин тез орада қўғирчоқ синиб қолгани боис уни тирик қизга алмаштириб қўйишади.

Айтиб ўтиш керак, бу “Сўғдиёна” оркестри ҳамроҳлигида намойиш этилаётган Эрнст Любичнинг биринчи фильми эмас. 2013 йили сентябрда “Устрица маликаси” фильми намойиш этилган. Ўшанда ҳам Феруза Абдураҳимова фильмга куй басталаган. Томошабинлар фильмни жуда яхши кутиб олдилар, Фарғона, Андижон ва Наманган аҳолиси учун у қайта намойиш этилди. 2016 йили фильм-концерт Жиззах ва Гулистон шаҳарларида кўрсатилган.

“Сўғдиёна” ўзбек давлат халқ чолғулари камер оркестри 1991 йили ташкил топган. У «Golden Trophy» танлови ва халқаро фестиваллар ғолиби саналади, бутун дунё мусиқачилари билан ижодий кечаларда иштирок этади. Оркестрнинг германиялик ҳамкасблари билан ижодий алоқалари жуда мустаҳкам. Улар биргаликда “Ўзбек-бовар мулоқоти”, Гётенинг “Ғарбу-Шарқий девон”и асарини куйга солиш лойиҳалари амалга оширган. Томошабинларга «Ombrа de luce» ансамбли билан ҳамкорликда қадим барокко куйларидан иборат концентлар тақдим этилган.

Тошкентдаги Германия элчихонаси билан ҳамкорликда “Сўғдиёна” оркестри немис классик ва замонавий куйларидан иборат концертини намойиш этди. Шунингдек, ўзбек созандалари германиялик жаз хонандаси Пэт Эпплтоннинг Ўзбекистон бўйлаб берган концертларида ҳамроҳлик қилдилар.

Эрнст Любич (1892-1947) — яҳудий миллатига мансуб немис ва америкалик кинорежиссёр, актёр, проюсер ҳисобланади. У икки мамлакат кинометографида 30 йил давомида 50 дан ортиқ картиналарни яратган. Любич ўлимидан бир йил аввал кино санъатига қўшган ҳиссаси учун махсус “Оскар” мукофоти билан тақдирланган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги