06:34 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон CASA-1000 лойиҳаси бўйича ўз муносабатини билдирди

29.11.2018 14:06 msk

Фарғона

Абдулазиз Комилов. Kun.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Тожикистон ва Қирғизистондан Покистон ва Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришга қаратилган CASA-1000 лойиҳаси қурилишини қўллаб-қувватлайди. 28 ноябрь куни Женевада ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро анжуманда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шу ҳақда маълум қилди, деб хабар беради ТИВ матбуот маркази. Вазир Ўзбекистонда қурилаётган «Сурхон — Пули-Хумри» электр ўтказиш линияси трансчегаравий лойиҳанинг узвий қисми бўла олишини айтиб ўтди.

Шуни таъкидлаш керакки, Ислом Каримов даврида Ўзбекистон CASA-1000 лойиҳасининг бунёд этилишига қарши чиққанди.

Комилов «Сурхон — Пули-Хумри» лойиҳаси Қобулни Марказий Осиёнинг ягона электр тармоғига улашини айтиб ўтди. Унинг ишга туширилиши Ўзбекистондан Афғонистонга электр манбаларини етказиб беришни 70 фоизга оширади, йилига 6 млрд кВТ/с электр энергияси етказиб бериш имконини яратади. Ўзбекистон ТИВ раҳбари республиканинг Афғонистон иқтисодиётини ривожлантириш билан боғлиқ ТАПИ ва CASA-1000 лойиҳаларини қўллаб - қувватлашини айтди.

CASA-1000 трансчегаравий электр ўтказгич линиясини қуриш борасидаги якуний шартнома 2015 йили Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистон энергетика вазирлари томонидан имзоланганди. Ҳужжатда Қирғизистон ва Тожикистон Афғонистон ва Покистонга йилига 1300 мегаватт миқдорида электр энергиясини етказиб бериши кўзда тутилади. 2016 йили лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланди. Ўзбекистон Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилгандагина лойиҳа самарали бўлишини таъкидлаган. Авваллари мазкур ГЭС қурилиши Тошкент қаршиликларига учраганди. Ўзбекистонга янги президент сайланганидан кейин ўзбек ҳукумати Роғун ГЭСи қурилиши бўйича ўз фикрини ўзгартирди. 2018 йил ноябрда Роғун ГЭСининг биринчи навбати ишга туширилиши маросимида ўзбек делегацияси иштирок этди.

2017 йили Афғонистон президенти Ашраф Ғани Ўзбекистон ва Туркманистонни CASA-1000 лойиҳасига қўшилишини таклиф қилди, лекин унинг расмий тақдиғи ҳақида маълумот берилмаганди.

Женевада ўтган халқаро анжуманда Комилов Ўзбекистон Афғонистонга ҳар томонлама кўмак бераётганини таъкидлаб ўтди. Жумладан, ўзбек томони «Мозори-Шариф — Хирот» темир йўли қурилишида фаол иштирок этади. Ушбу лойиҳанинг амалга ошиши афғонларнинг транзит ҳисобига йилига $400-500 млн миқдорида даромад топишига имкон беради, мамлакатда 30 мингта ишчи ўрни яратилади. Кадрлар тайёрлаш масаласида ҳам Ўзбекистон Афғонистонга ўз кўмагини аямаяпти. Термиз шаҳридаги махсус таълим муассасида 130 нафар афғон ёшлари билим олмоқда, келгусида уларнинг сони 250 нафарга етказилади.

Комилов Ўзбекистонда “Термиз” эркин савдо ҳудуди яратилишини, унда Афғонистон учун керакли маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини эслатиб ўтди. Икки мамлакат савдо айланмаси кейинги ойлар 25 фоизга ўсган ва $600 млн ташкил этган. Келгусида ушбу миқдорни $1 миллиардга етказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Ўзбекистоннинг қўшни давлатларга инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиб келаётганини алоҳида таъкидлади. Бу йилги ёз мавсуми қурғоқчил келгани боис Ўзбекистон Афғонистонга уч минг тонна дон, озиқ-овқат ва кийим-кечакларни етказиб берди. Ноябрда қўшни давлатга 25 та автобус ва қишлоқ хўжалиги техникалари президент совғаси сифатида тортиқ қилинди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги