06:09 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Чет эл фуқаролари уч йиллик ўзбек визасини олиши мумкин

29.11.2018 13:21 msk

Фарғона

Ўзбекистон визаси. Novotours.uz сайти фотоси
Ўзбекистон чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уч йиллик виза беришни жорий қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида хабар берилади.

Қонунга киритилган ўзгаришлар бўйича кўп марталик кириш-чиқиш визаси учун тўлов нархи $300 белгиланган. Бу пайтга қадар Ўзбекисонга бир йил муддатга виза олиш мумкин эди ва бир марталик виза тўлови $160, кўп марталик виза тўлови — $250 дан иборат эди.

Адлия вазирлиги Telegram-каналида берилган яна бир янгилик хориж инвесторлари иштирокидаги корхона ва ташкилотларни мустақил рўйхатдан ўтказиш учун тўланадиган давлат божи билан боғлиқ. Эндиликда у энг кам иш ҳақининг 10 баробарига тенг, яъни 2 млн сўмни ($245) ташкил этади. Авваллари мазкур бож тўлови энг кам иш ҳақининг 32 баробарида бўлиб, 6,5 млн сўмдан ($784) иборат эди.

Ўзбекистон ҳукумати кейинги пайтда визалар бериш соҳасини ислоҳ қилмоқда. Бундан икки хафта олдин Ўзбекистон Қозоғистон билан ўзаро визаларни тан олишга боғлиқ шартномани имзолади. Унга кўра, бир мамлакатга кириш визасига эга чет эл фуқароси иккинчи мамлакатга ҳам ташриф буюриши мумкин. Бунга қадар Ўзбекистон 51 мамлакат фуқаролари учун электрон визаларини жорий этди. Шунингдек, 101 та мамлакат фуқароларига Ўзбекистон орқали транзит сафар қилганда, уларга мамлакатда беш кун визасиз яшаш имконияти берилди.

2018 йил февралда республика Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари учун визани бекор қилди. Кейинчалик визасиз кириш имконияти Тожикистон ва Франция фуқароларига ҳам берилди. Бундан ташқари, дунёнинг 39 давлати учун енгиллаштирилган виза режими жорий этилди. Ҳукумат чет эл фуқаролари учун вақтинча яшашга тўланадиган тўловлар нархини ҳам камайтирди. Агар авваллари МДҲга аъзо давлатлар фуқаролари учун давлат божи $5, қолганлари учун $20 бўлган бўлса, ҳозир барча туристлар учун бир кунлик тўлов энг кам иш ҳақининг 2 фоизини ($0,5) ташкил этади.

Бундан икки ҳафта олдин Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси томонидан чоп этилган Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш Концепциясида Европа Иттифоқига аъзо ва бошқа мамлакатлар фуқаролари учун виза олиш амалиётини енгиллаштириш кўзда тутилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги