06:11 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатини Хоразм “Лазги”си билан тўлдиришни таклиф қилди

29.11.2018 12:41 msk

Фарғона

Хоразм рақси. Uzbekistan.travel сайти фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Буюк ипак йўлининг мамлакатдан ўтган қисмини “Ипак йўли: Зарафшон дарёси воҳаси” ва “Ипак йўли: Фарғона – Сирдарё ҳавзаси” номи остида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритишга топшириқ берди. Бу ҳақда “ЎзА” агентлиги чоп этган “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”даги президент қарорида сўз юритилади.

Ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган Хоразм “Лазги”сини “Хоразм рақси – Лазги” номи остида ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, ТИВ ва ЮНЕСКО бўйича республика миллий кўмитасига топширилади.

Маълумки, Лазги — энг машҳур хоразм рақси бўлиб, унинг тўққиз хил тури мавжуд.

Кейинги йилларда республикада ўзбек мумтоз ва фольклор санъатининг ноёб намуналарини, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш тизими яратилди. Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва музейи ташкил этилди. Ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ҳамда Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилмоқда. Биринчи мақом фестивали Шаҳрисабзда бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 73 мамлакатидан 300 ортиқ санъат намоёндалари иштирок этдилар.

Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари негизида маданият марказлари ташкил этилиши, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг “Халқ чолғулари ижрочилари”, Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” ва Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” республика кўрик-танловларини анъанавий равишда ўтказилиши кўзда тутилган.

Маълумки, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига Фарғона водийсининг “Катта ашула”си, “Аския”си, ўзбек палови, Бойсун маданияти, Шашмақом санъати киритилган.

2016 йили мазкур ташкилот рўйхатига Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонни қамраб олувчи Ғарбий Тянь-Шань тоғ тизими киритилди. 2017 йили ЮНЕСКО рўйхатига Қозоғистон “Асиқ” болалар ўйинини, Қирғизистон Кок бору (улоқ) ўйинини, Туркманистон “Куштгелди” қўшиқлар ижросини, Ўзбекистон Марғилон атлас ва адрасини киритди. Шунингдек, ташкилотнинг репрезентатив рўйхатига марказий осиёликларнинг Наврўз байрами ҳам киритилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги