06:12 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Давлат хизматчилари коррупцияга қарши кураш бўйича Сингапур тажрибасини ўрганади

29.11.2018 11:15 msk

Фарғона

Ўзбекистон делегацияси Сингапурда. Minjust.uz сайти фотоси
Ўзбекистонлик делегатлар давлат бошқаруви ва коппурцияга қарши кураш борасида тажриба алмашиш мақсадида Сингапур ва Кореяга жўнаб кетдилар, деб хабар беради республика Адлия вазирлиги сайти.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси вакилларидан иборат қўшма делегация давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини ислоҳ қилиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизаси, давлат органлари фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш соҳасида хориж тажрибасини ўрганади. Ташриф чоғида Сингапурнинг коррупцион амалиёт терговлари бюроси ва Корея Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқи комиссияси билан ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилади.

27 ноябрида делегация Сингапурда қатор учрашувлар ўтказди. Сингапур, Корея Республикаси, Малайзия, Гонконг, Индонезия ва бошқа мамлакатларнинг коррупцияга қарши кураш бўйича органлар ходимлари иштирокида тренинг бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегацияси Сингапурнинг давлат хизматларини тақдим қилиш маркази, нотариал идоралар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Давлетов Ўзбекистон ҳукумати коррупциянинг барча шаклларини ҳокимиятнинг турли даражаларида намоён бўлишига қарши кураш ва олдини олиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, бу иллатга қарши курашиш давлат ва жамият тараққиётига эришишнинг асосий шарти эканлигини қайд этиб ўтди. Делегация миллий антикоррупцион дастурларни самарали олиб бориш учун энг яхши глобал билимлар ва илғор тажрибани ўрганишга қизиқаётганлигини таъкидлади.

Ташриф 30 ноябргача давом этади. Сафар Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Ўзбекистондаги БМТТД ваколатхонасининг қўшма ташаббуси "Ўзбекистондаги самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши кураш" лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа бюджети $8 миллиондан иборат бўлиб, у давлат хизматчиларини коррупцияга қарши тайёрлаш, бу соҳада уларнинг чет элларда иш ўрганиб келишлари учун сарфланади.

1965 йили Малайзиядан ажраб чиқиб, мустақилликка эришган Сингапурга асос солган Ли Куан Ю орол давлатни 1990 йилгача бошқарди ва қаттиққўллик билан давлат органларининг барча жабҳаларида коррупцияга барҳам берди. У давлат бошқарувида қариндош-уруғчиликка мутлоқ қарши курашган. Халқаро рейтингларга кўра, Сингапур дунёдаги энг паст коррупцияга эга давлатлар қаторидан ўрин олган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан 2018 йили Бош прокуратура ҳузурида иқтисодий жиноятларга қаршиш кураш департаменти тузилди. У бюджет маблағларининг ноўрин сарфланиши, ноқонуний ўзлаштирилиши ҳолатларини аниқлаш билан шуғулланади. Департамент фош этилган ўғирланган, ноқонуний ўзлаштирилган пулларнинг 10 фоизини ўзига олиб қолади.

Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2018 йилнинг уч квартали бўйича бюджет ташкилотларида 295,8 млрд сўм (таҳминан $37 млн) миқдорида ноўрин сарфланган, ўғирланган давлат маблағлари аниқланган. 2018 йилнинг тўққиз ойида прокуратура органи ходимларига $28,1 минг ва 49 млн сўм ($5,9 минг) миқдорида пора беришга уриниш билан боғлиқ 81 та ҳолат қайд этилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги