06:10 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Франция давлат бюджетини қўллаш учун Ўзбекистонга 150 млн қарз беради

29.11.2018 11:12 msk

Фарғона

Франция ривожланиш агентлиги биноси. Afd.fr сайти фотоси
Франция ривожланиш агентлиги (ФРА) директорлари кенгаши давлат бюджетини молиялаштириш учун Ўзбекистонга 150 млн евро заём тақдим этиш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Молия вазирлиги ишлаб чиқарган президент қарорининг лойиҳасида сўз юритилмоқда. Заём Осиё тараққиёт банки иштирокида ишлаб чиқилган “Иқтисодий бошқарувни яхшилаш дастури” доирасида берилади. ФРА маблағлари Ўзбекистон ҳукуматига ишчи ўринларини яратиш ҳамда вилоятларда ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантиришга қўшимча маблағларни йўналтиришга имконият беради.

Заёмни узиш муддати 20 йил, шундан олти йили имтиёзли давр қилиб белгиланган. Маблағларни қайтариш, заём бўйича фоизлар, комиссиялар ва бошқа харажатларни қоплаш давлат бюджети ҳисобига амалга оширилади. Заём пулларини мақсадли ва самарали сарфининг мувофиқлаштирилишини Ўзбекистон Молия вазирлиги бажаради.

Олдинроқ, октябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи давомида ФРА билан умумий қиймати 600 млн еврога тенг инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланганди. Бу пуллар 2018-2021 йиллар давомида сув таъминоти ва санитария, энергетика ва гидроэнергетика, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит муҳофазаси ва ресурсларни барқарор бошқаруви соҳаларидаги қўшма лойиҳаларга сарфланади. Бундан ташқари, Франция ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида энергетика, авиасозлик, нефтегаз ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги қатор битимлар имзоланганди.

ФРА Ўзбекистон билан 2016 йилнинг охиридан бошлаб ҳамкорлик қила бошлади. Ўшанда томонлар ўртасида Самарқандда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқарувини замонавийлаштириш бўйича лойиҳани молиялаштириш дастури доирасида 23.5 млн евро кредит келишуви имзоланганди.

Франция ривожланиш агентлиги – Франция ҳукумати томонидан белгиланган ривожланиш сиёсати билан шуғулланувчи давлат молия ташкилоти бўлиб, унинг олдига қашшоқликка қарши кураш ва барқарор ривожланишга кўмак бериш вазифаси қўйилган. Агентлик аҳоли ҳаётининг шароитини яхшилашга, иқтисодий ривожланишни қўллашга ва Ёр сайёрасини ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳаларга ёрдам беради ва молиялаштиради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги