06:11 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» аэропортларни бошқариш ва авиацияни назорат қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади

28.11.2018 17:13 msk

Фарғона

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" самолёти. Uzairways.com сайти фотоси
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси қайта шакллантирилганидан кейин мамлакатдаги аэропортларни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонда шу ҳақда сўз юритилади, деб хабар беради компания матбуот маркази.

28 ноябрь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси мажлисида президентнинг «Ўзбекистон авиация соҳасини тубдан мукаммаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Мажлисда Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди. Ҳужжат миллий авиакомпания базасида иккита акциядорлик жамияти — Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airportsни тузишни кўзда тутади. Шунингдек, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” таркибига кирувчи корхоналар (масалан самолётларни таъмирлаш билан шуғулланувчи Uzbekistan Airways Technics ёки борт учун озиқ-овқатлар етиштириб берувчи «Кетринг» корхонаси) қайта тузилиб, масъулияти чекланган жамиятларга айлантирилади.

Бундан ташқари, фармонда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ихтиёрида бўлган, ҳаво қатламини назорат қилувчи «Ўзаэронавигация» марказининг ҳукумат таркибига киритилиши кўрсатилган. Ҳужжатда давлат бошқарувини кучайтириш, рақобат муҳитини юзага келтириш учун бошқа чор- тадбирлар ҳам кўрсатилган. Жумладан, Давлат авиация назоратига бир марталик учиш учун рухсатнома бериш, аэродромлар яқинида объектлар қуриш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, Давлат авиация назоратини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Gazeta.uz, нашри маълумотларига кўра, президент 15 январга қадар Ўзбекистон транспорт вазирлигини тузиш таклифини тайёрларга топшириқ берган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни ўзаро рақобат қилувчи бир неча компанияларга бўлиш таклифи бундан икки ҳафта олдин эълон қилинган “Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш концепцияси”да айтиб ўтилганди. Концепция лойиҳасини ишлаб чиққан Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси мамлакатда миллий авиакомпаниянинг монополия мақомини танқид қилганди. Қўмита таҳлилчиларининг фикрича, бу соҳада рақобатнинг йўқлиги чипталарнинг нархи ошиши, парвозлар камлигига сабаб бўлмоқда. Ҳужжатда мамлакатдаги мавжуд авиациянинг ривожи минтақада халқаро йўловчиларни ташиш бўйича энг паст даражада экани, яъни 2 фоизни ташкил этиши, ички бозордаги йўловчиларни ташиш ҳар йили 1,9 фоизга қисқариб бораётгани айтиб ўтилган.

Бундан олдин Ўзбекистон ҳукумати миллий авиакомпанияни ҳусусийлаштириш режасини маълум қилганди. Бироқ, 2017 йили президент авиакомпанияни ҳусусий мулкка сотилмайдиган корхоналар рўйхатига киритди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» республикадаги ягона авиайўловчиларни ташувчи компания ҳисобланади. Шунингдек, компания мамлакатдаги мавжуд 12 та аэропортни бошқаради, ҳаттоки авиация соҳаси фаолиятини бошқаришнинг айрим функцияларини бажаради. У 2020 йилга қадар солиқ ва давлат фондига ўтказиладиган тўловлардан озод этилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги