06:25 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар ярим йилда аҳолини рўйхатга олишга қарор қилди

28.11.2018 15:38 msk

Фарғона

Патронаж хизматининг одамларни қабул қилиши. Minzdrav.uz сайти фотоси
Ўзбекситон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар ярим йилда аҳолини рўйхатдан ўтказишга қарор қилганини билдирган. Бу ҳақда вазирлик сайтида хабар берилади.

Режа уч босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда аҳоли ҳар олти ойда хатловдан ўтказилади. Унда аҳоли орасида патронаж кўмагига эҳтиёжманд қатлам аниқлаб олинади. Иккинчи босқичда патронаж ҳамшира, умумий амалиёт шифокори ва тор мутахассислар иштирокида аҳоли хонадонида мақсадли патронаж тадбирлари ташкил этилади. Унда патронаж парваришга муҳтож ёлғиз қариялар, ногиронлар ва ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, 1 ёшгача ва ногирон болалар, ҳомиладорлар, янги туққан оналар патронаж билан қамраб олинади. Мақсадли патронаж ҳар ҳафтада, белгиланган режа асосида ташкил этилади.

«Тиббий патронаж хизмати инсон саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олиш ва халқимиз саломатлигини муҳофазалашда муҳим ўрин тутади. Ушбу йўналишда ишлар талаб даражасида йўлга қўйилса, жамиятдаги кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларнинг олди олинади. Хусусан, она ва бола ўлимининг олдини олиш, касалликларни кескин камайтириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда сезиларли натиажаларга эришилади. Шу боис, патронаж хизматини ана шундай муҳим мезонлардан келиб чиқиб, янги босқичга кўтариш режасини ишлаб чиқдик», – дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонова.

Бундан олдин патронаж хизмати ходимларининг яхши ишлаганлиги учун тариф ставкасининг 5 фоизидан 20 фоизигача қўшимча ҳақ берилиши борасида хабарлар берилганди.

Патронаж хизмати (французча «патронаж» сўзи “ҳимоя қилиш”, “ёрдам бериш” маъноларини англатади) — уй шароитида ҳомиладор аёлларга, янги туғилган чақалоқларга, ёш оилаларга, кексалар, ногирон ва ёрдамга муҳтож ёлғиз одамларга тиббий кўмак бериш тизимидир.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги