06:10 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ҳукумати кам ҳосил етиштиришни ҳиёнат деб баҳолайди

28.11.2018 14:45 msk

Фарғона

Ўзбекистонда бошоқли дон йиғими. Nuz.uz сайти фотоси
Ўзбекистонда буғдойдан гектарига 40 центнердан кам ҳосил етиштириш “ерга нисбатан ҳиёнат” деб баҳоланади ва бундай ерлар фермерлардан тортиб олинишига асос бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг 27 ноябрда қабул қилган “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” даги қарорида мана шундай мазмундаги сўзлар юритилади.

2019 йил ҳосилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан суғориладиган майдонларда етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўланилади. Бунда, бошоқли дон ҳосилдорлиги ҳар гектаридан 41 центнердан 50 центнергача бўлганда 10 фоиз, 51 центнердан 60 центнергача бўлганида 20 фоиз, 61 центнердан юқори бўлганида 25 фоиз харид нархига устама, ёки аксинча, 30 центнер ва ундан кам бўлганида 25 фоиз, 31 центнердан 40 центнергача бўлганида 15 фоиз харид нархига чегирма билан давлад хариди учун қабул қилинган доннинг умумий ҳажми ҳисоб-китоб қилинади.

Рағбатлантиришнинг янги усули - фермер хўжаликларини молиялаштириш билан боғлиқ янги тартибларнинг жорий этилишидир. Ҳозирда давлат хариди учун дон топширишда фермерларга топшириладиган ҳосилнинг 60 фоизигача кредит берилади. Имтиёзли кредит давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 100 фоизигача (тайёрлов корхонаси томонидан бўнак тариқасида етказиб берилган уруғлик қийматини инобатга олган ҳолда) йиллик 5 фоиз миқдорда (шундан, банк маржаси – 1,5 фоиз) берилади. Ҳозирда у 3 фоизни ташкил этади.

Ҳосилдорчиликни кўпайтириш мақсадида ҳукумат 2019 йилга кафолатланган дон нархини бир тоннасига 1,2 млн сўм ($144) қилиб белгилаган ва бу жорий йилга қараганда 60 фоизга кўпдир.

Ўзбекистонда ҳукумат тез-тез маъмурий чоралар билан фермерларнинг иш унумдорлигини оширмоқчи бўлади. Яқинда маҳаллий ҳокимят вакиллари фермерларни силқидилдан ишлашга қасамёд қилишга мажбур қилган. Фермерлар президентга, халққа садоқат билан хизмат қилиб, гектаридан 60-70 центнердан ҳосил етиштиришга қасамёд қилдилар. Айрим фермерлар қасамёд қилмаган тақдирда ер тортиб олиниши таҳдидига учраганини айтиб берганлар. Журналистларнинг аниқлашича, коллектив касамёдлар қабул қилиниши фермер, деҳкон хўжалиги Кенгашидан чиққан ташаббус бўлиб, у Вазирлар Маҳкамаси мажлисида муҳокама қилинган.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2018 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 6,1 млн тонна дон етиштирилган ва кўрсатгич ўтган йилга қараганда 10 фоизга камдир. 2017 йилнинг тўққиз ойида 7,3 млн тонна бошоқли дон етиштирилганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги