06:11 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Uzbekistan Airways самолёти Иcтанбулда ушланиб қолди

28.11.2018 11:34 msk

Фарғона

Uzairways.com сайти фотоси
Истанбулдан Тошкентга учиши керак бўлган «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг (Uzbekistan Airways) рейси Boeing 767 самолёти двигателига қўш кириб кетгани сабаб ушланиб қолди. Бу ҳақда авиакомпания сайтида хабар берилади.

Носозлик 27 ноябрь куни Тошкент – Истанбул HY 271 рейси амалга оширилгандан кейин аниқланди. Текширув двигателга келиб урилган қуш вентиляторнинг иккита паррагига шикаст етказганини аниқлади.

Самолётни созлаш учун керакли ускуналар кечки рейс билан Тошкентдан Истанбулга жўнатилди. Истанбул – Тошкент рейси двигателнинг тўлиқ таъмирлангунича қолдирилган. Йўловчилар меҳмонхонага жойлаштирилган. 28 ноябрь куни эрталаб самолёт йўловчиларни олиб Ўзбекситон пойтахти томон парвозини бошлаган. «Самолёт Тошкентга маҳаллий вақт соат 10.00 да етиб келади», – деб хабар беради авиакомпания.

Август бошида Истанбул – Тошкент рейсини амалга ошираётган Boeing 767 самолётининг тормоз тизими ишдан чиққанди. 19 август куни эса ўзбек самолёти борт электроникаси бузилгани сабаб Москванинг “Домодедово” аэропортидан Тошкентга учолмай қолганди.

Самолёт двигателига катта қушнинг келиб урилиши, уни ишдан чиқариши, ёниб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Дунё аэропортлари қушларни чўчитиш учун ҳар хил мосламаларга эга. Бундан ташқари, қушларни қочириш учун самолёт учаётган пайт унинг фаралари ёқилади.

Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили 5500 га яқин самолётларнинг қушлар билан тўқнашуви ҳолатлари қайд этилади, 45 фоиз ҳолатда қушлар двигателларга кириб кетади, 12 фоиз ҳолатда улар самолёт кабинаси ойнасига келиб урилади. Авариялар асосан самолётларнинг учиш ва қўниш пайтлари содир бўлади. Аварияларнинг 75 фоизи 300 метр баландликда, 20 фоизи 300 дан 1500 метр баландликда, 5 фоизи 1500 метрдан юқори баландликда содир бўлади. Замонавий самолётлар битта двигатель билан ҳам яқин орадаги қўниш майдонига учиб бора олади. Бир пайтда самолётдаги барча двигателларнинг ишдан чиқиш эҳтимоли жудаям кам.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги