06:28 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига аъзо бўлди

28.11.2018 10:44 msk

Фарғона

ХМТнинг Марказий Осиё бўйича миссияси раҳбари Деян Кесерович. Iom.kz сайти фотоси
Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ; The International Organization for Migration, IOM) 173-чи аъзоси бўлди. “27 ноябрда Женевада ўтган ХМТнинг 109-сессиясида Ўзбекистоннинг аъзолик учун берган аризаси қондирилди”, - деб хабар беради ташкилот сайти. Сессияда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баҳодир Низомов қатнашган.

Ташкилотнинг Бош директори Антонио Виторино Ўзбекистонни “ХМТ оиласига аъзо бўлгани”ни қутлар экан, бу юртни “дунёдаги энг қадим, қулай савдо йўлида жойлашган, қадимдан мигрантлар учун таниш бўлган ўлка” деб атади.

Ўзбекистон ХМТга аъзо бўлган Марказий Осиёдаги энг сўнгги давлат бўлди. Ташкилотнинг 2013 йилги 103-сессиясида Туркманистон қабул қилинганди. ХМТ Ўзбекистоннинг ўз чегараларини очаётгани, нафақат транзит давлат бўлишига, балки мигрантлар келадиган, иқтисодиёти кўтарилаётган мамлакатга айланишига умид билдирди.

«Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз 2003 йили бошланган. Биз Ўзбекистон ва Марказий Осиёсининг бошқа давлатларида яшаётган одамларнинг одам савдосидан жабрланишига қарши биргаликда ҳаракатни бошлагандик», — дейди ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича миссияси бошлиғи Деян Кесерович (Dejan Keserovic). У 2015 йилдан ҳамкорлик кенгайиб боргани, 2017 йили эса ўзбек ҳукумати билан ҳамкорликда 2018-2019 йиллар йўл харитаси қабул қилинганини таъкидлади. Ўзбекистон ХМТга аъзо бўлиш истагини 2018 йил 2 апрелда, ташкилот делегациясининг Тошкентга ташрифи чоғи маълум қилганди.

Самарқандда ўтказилган Осиёда инсон ҳуқуқлари форумида иштирок этган ХМТ минтақавий директори Аргентина Сабадос (Argentina Szabados) Ўзбекистон билан ҳамкорлик “миллий, минтақавий ва глобал миқёсда” катта фойда келтиришини таъкидлади. ХМТ ташаббуси билан “Самарқанд инсон ҳуқуқлари декларацияси”га мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш боби киритилди. Унда “миграцион мақомидан қатъий назар барча мамлакатлар мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади” дейилган.

Халқаро миграция ташкилоти миграцияни ташкилий ва инсонпарварлик руҳида шакллантиришни мақсад қилади. У бу борада тадқиқотлар ўтказади, ҳукуматларга маслаҳатлар беради ва мигрант ва қочқинларга тўғридан-тўғри кўмак беради. 2016 йили ташкилот БМТ тизимига кирди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги