06:08 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Путинга очиқ хат билан мурожаат қилган аёлнинг боғи бульдозерлар ёрдамида вайрон этилди

28.11.2018 10:14 msk

Фарғона

Ҳосият Жалолованинг YouTube-каналига қўйилган видеоёзудан олинган кадр
Бухоролик Ҳосият Жалолова билдиришича, 2018 йил 16 ноябрь куни бульдозерлар ёрдамида бир соатга етмаган вақт ичида унинг мевали боғи вайрон этиб ташланди. Жалолованинг ўзи “Фарғона” агентлигига айтиб беришича, боғни бузиб ташлаган ишчиларнинг қўлида ҳеч қандай рухсатнома бўлмаган.

Жалолова 2009 йилда расмийлардан Бухоронинг Низомий кўчасига ёндашган бўш майдонда боғ ўстиришга рухсат олганди. Аёл бу ерда 500 та мевали кўчат экиб, деярли ўн йил давомида унинг меваларидан фойдаланиб келди. Бироқ ноябрда бу кўчатларнинг ҳаммаси йўқ қилинди. Боз устига, бальдозерлар ёрдамида ағдариб ташланган дарахтлар ўша ернинг ўзида ўтинга сотиб юборилди. “Мен боғни шавқатсизларча йўқ қилинишини аёл меҳнатининг таҳқирланиши сифатида баҳолайман”, деди Жалолва “Фарғона” билан суҳбат давомида.

Жабрланган аёлга кўра, боғнинг йўқ қилиниши 2009 йилда қўзғатилган ва айни пайтда қайта кўриб чиқилаётган жиноят иши билан боғлиқ.

Жалолованинг тарихи унинг “Бухоро экстракт ёғ” ОАЖ ёғ заводида омбор мудири бўлиб ишлаб юрган пайтидан бошланади. Унинг фарзандлари ҳам шу заводда ишлаган: ўғли Рустам – бухгалтер, қизи Феруза – омборда ёрдамчи. 2009 йилда заводга қиймати 75 млн сўмлик совун ишлаб чиқарадиган жиҳоз ва ускуналари келтирилган. Бироқ улар цехга ҳужжат билан расмийлаштирилмасдан ўрнатилган, бу эса яширин равишда маҳсулот ишлаб чиқариш учун шароит яратиб беради. Жалолова завод раҳбариятининг эътиборини шу ҳолатга қаранган. Раҳбарлар жиҳоз ва ускуналарни ҳисобга олиш талабини бажаришдан бош тортганидан сўнг омбор мудираси солиқ инспекцияси, прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизматига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Бироқ МХХ Бухоро вилояти бошқармаси терговчиси яширин цех ташкилотчиларига эмас, балки аризачи Жалолова ва унинг фарзандларига қарши жиноят иши қўзғатган. Жалоловага кўра, иш туҳмат ва далилсиз айбловларга асосланган эди. Боз устига, тергов тадбирлари давомида айбланувчиларга нисбатан ҳам руҳий, ҳам жисмоний босимлар ўтказилган.

Оқибатда Бухоро шаҳар суди Жалоловани ва унинг фарзандларини Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор моддалари: 167 (“ Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”), 140 (“Ҳақорат”), 227 (“Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш”), 172 (“Мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлиш”), (“Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш”) бўйича айбдор деб топди ва 7 388 532 сўм миқдорида жарима тўлаш белгиланди.


Боғ бузилмасдан олдин. Ҳосият Жалолова фотоси

Маҳкумлар апелляция шикояти билан юқори инстанция судига мурожаат қилдилар. Бухоро вилояти апелляция ҳайъати шикоятни кўриб чиқиб, суд қарорини ўзгартиришсиз қолдирди, бироқ жарима миқдорини камайтирди. Шундан кейин Жалолова адолат излаб Олий судга мурожаат қилди. Олий суд саккиз йилдан сўнг олдинги суд қарорларини ноқонуний деб топиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун Қашқадарё вилоят судига юборди. Жалолова “Фарғона”га айтиб беришича, ишни қайта кўриш ҳозир ҳам давом этмоқда, боғни бузиш эса унга ва оиласига нисбатан босим қилишнинг бир кўриниши, холос. Унга кўра, олдин ҳам худди шу каби уринишлар бўлган: мисол учун, Бухоро вилояти фуқаролик суди унинг қизига белгиланган алиментларни ҳеч қандай сабабларсиз бекор қилди, ўғли Рустам эса номаълум шахс томонидан таёқ билан қаттиқ калтакланди. Қизиғи шундаки, тажовузкор шахс жарима билан қутилиб қолди.

Жалолова боғининг бузилиши тўғрисидаги таҳдидларни ўтган қишда олган, бу ҳақда у Россия президенти Владимир Путинга очиқ хатида эслаб ўтганди. У шунингдек, бир неча бор Ўзбекистон президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган, бироқ шу чоққача бирорта жавоб олмаган. “Маҳаллий судлар қонун бўйича ишламайдилар. Мен фақат халқаро судлар ва ҳуқуқ ҳимоячилардан ёрдам кутаман”, - деб билдирди Жалолова. Энди Жалолованинг олдида ўзи ва оиласига қўйилган ноҳақ айбловларни олиб ташлаш билан бирга мевали боғини қайта тиклаш мақсади пайдо бўлди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда хусусий мулк дахлсизлиги муаммоси ўта ночор аҳволда. Буни айниқса, уйлари бузилган ва тегишли компенсацияларини ололмаган минглаб уй эгалари яхши биладилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги