06:12 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия авиакомпанияси Фарғонани Иркутск шаҳри билан боғлайди

27.11.2018 15:11 msk

Фарғона

"ИрАэро" самолёти. Tourdom.ru сайти фотоси
Россиянинг «ИрАэро» авиакомпанияси Иркутск – Фарғона – Иркутск йўналиши бўйлаб авиапарвозларни ташкил этади. Бу ҳақда авиакомпаниянинг сайтида хабар берилган.

Янги йўналиш «ИрАэро» авиакомпаниясининг қишги жадвали доирасида ташкил этилган. Парвоз ҳафтанинг сешанба кунлари, шу йилнинг 18 декабридан 2019 йил 26 мартига қадар амалга оширилади. Рейслар Россияда ишлаб чиқарилган Superjet 100 самолётларида такшиллаштирилади. Учиш вақти – 3 соат 40 дақиқадан иборат. Чипта нархи – 15.550 рубль ($232) ва ундан юқори.

«Интерфакс»га кўра, «ИрАэро» – Иркутск вилоятидан тўғридан-тўғри авиапарвозни ташкил этган ягона авиакомпаниядир. Авиакомпания мулозимининг сўзларига қўра, рейс Иркутскдаги катта ўзбек диаспораси ва Россияда ишлаётган ўзбекистонлик фуқароларни ташишга мўлжалланган ҳолда очилган.

Бундан аввал «ИрАэро» авиакомпанияси 2018 йил 7 октябрдан Красноярск – Фарғона – Красноярск йўналиши бўйича доимий парвозларни йўлга қўйиши ҳақида хабарлар берилганди. Лекин компаниянинг расмий сайтида бу тўғрисида маълумот йўқ.

Жорий йилнинг апрель ойида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги аиапарвозлар сони икки баробарга оширилиши тўғрисида келишув имзоланган. Ҳозирги пайтда Ўзбекистондан Россияга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, Россиядан эса «Аэрофлот», UTair, S7 Airlines, «ИрАэро», «Нордвинд» каби аивакомпаниялар рейслар уюштиради..

«ИрАэро» авиакомпанияси – Иркутск вилоятидаги энг катта минтақавий компания ҳисобланиб, 1999 йилдан бери йўловчи ва юкларни ташиш фаолиятини юритади. «ИрАэро» парки беш турдаги самолётлар: CRJ-100/200 (Канада маҳсулоти), АН-26 ва АН-24, Superjet 100 ва Boeing 777-300ER дан иборат. Бугунги кунда авиакомпания Россия ва хориж мамлакатлари бўйлаб 145 йўналишда кунига юзга яқин рейсларни амалга оширади.

Sukhoi Superjet 100 – Россиянинг яқинмагистрал йўловчи самолёти бўлиб, 98 нафар йўловчини ўз бағрига олади ва 3000 дан 4600 километр масофага парвоз қила олади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги