06:41 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда кўплаб кичик меҳмонхона ва хостеллар қурилади

27.11.2018 15:04 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги хостел. Booking.com сайти фотоси
Ўзбекистонда 345 та кичик меҳмонхона ва хостеллар қурилади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди, деб хабар беради Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси Telegram-канали.

Президент топшириғига биноан Ўзбекистон ҳукумати бу каби объектлар қурилиши тўғрисида қарор қабул қилган.

Кичик меҳмонхоналар молиявий жиҳатдан туризм соҳасида нархлар шаклланишига яхши мослашади, деб тушунтирди Абдуҳакимов. Масалан, туризм ривожланган мамлакатларда кичкина меҳмонхоналарнинг салмоғи баланд: Ғарбий Европада умумий меҳмонхоналарнинг— 60%, Малайзияда — 70%, Янги Зеландияда — 80% ни кичик меҳмонхона ва хостеллар ташкил этади.

Ўзбекистонда қуриладиган кичик меҳмонхона ва хостелларда 8 тадан 50 тагача номерлар бўлади. Улар Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси кўмагида республиканинг 41 та шаҳар ва туманларида қурилади. Лойиҳалар Туркия ва Корея тажрибасига таянган ҳолда, «Қишлоққурилишлойиҳа» ташкилоти томонидан ишлаб чиқилади. Ташкилий-техник масалалар ва бюрократизм ҳолатларига тезкорликда баҳам бериш мақсадида ҳукумат комиссияси тузилган, уларни Тошкент ва вилоятлар ҳокимлиги бошқаради. Давлат туризмни ривожлантириш қўмитасига маркетинг ҳаракатларни ишлаб чиқиш, кичик меҳмонхона ва хостеллар хизматларини илгари суриш, ходимларни тайёрлаш ишлари топширилган.

Бундан олдин Ўзбекистон ҳукумати хостеллар очмоқчи бўлган табдиркорлар ишларини енгиллатиш мақсадида уларга қўйилган талабларни камайтирганди. Жумладан, хостелга кириш учун алоҳида кириш жойи бўлиши, (беш қаватдан юқори биноларда) лифт ишлаши, жамоат ва хизмат хоналари бўлиши каби талабларни бекор қилди. Хостелда ишловчи ходимларга нисбатан ҳам талаблар анчагина камайтирилган.

Абдуҳакимов маълумотларига кўра, 2018 йили Ўзбекистонда туристлар оқими икки баробарга кўпайган. «Камўринли меҳмонхона ва хостелларнинг қурилиши саёҳат қилувчиларни жойлаштириш учун қулай имкониятларни яратади. Шунингдек, бу ҳол туристик хизматлар спектрини кекнгайтириш, меҳмонхоналар хизматини ривожлантиришга ижобий таъсирини ўтказади», — деди Бош вазир ўринбосари.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги