06:18 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сирдарё вилоятида минглаб солдатлар пахта теримига сафарбар қилинган

27.11.2018 12:20 msk

Фарғона

Sputnik.tj сайти фотоси
Сирдарё вилоятида сентябрь ойида Ўзбекистон Қуролли кучларида хизмат қилаётган 10 минг нафар солдат пахта далаларига юборилган ва улар ҳанузгача пахта даласида, ҳолбуки гўзаларда чаноқ ҳам қолмаган, деб хабар беради “Озодлик” радиоси.

Контракт бўйича хизмат қилаётган солдатлар 20 сентябрдан бери Оқ олтин тумани пахта далаларида. “Бизларга 5 декабргача пахта даласида қолишимизни айтишди”, дейди Бухорода жойлашган ҳарбий қисмлардан биридан келган аскар. “Ҳозир ҳаво совуқ, далада пахта қолмаган. Кун бўйи 2 -3 кило сифатсиз пахта терамиз, бекор вақтимизни ўтказяпмиз. Ундан кўра ҳарбий машғулотларни ўтасак фойдалироқ бўларди, -дейди исми ошкор этилишини истамаган оддий аскар.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги мулозими “Озодлик”ка шу кунларда Оқ олтин тумани далаларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг 10 минг аскарли қўшини пахта тераётганини тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунига кўра, аскарлар мамлакат мудофааси, хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлаш учун қуролли кучлар сафида хизмат ўташи керак. Қонунда ҳарбий хизматчиларнинг оммавий ҳашарларда, хусусан, пахта терим кампанияларида иштирок этиши тўғрисида банд йўқ. Ўзбекистон мудофаа вазирлиги мазкур ҳолат бўйича изоҳ бермаган.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари бу йили мажбурий меҳнат билан боғлиқ бир неча ҳолатларни, жумладан ўқитувчилар, маданият ходимлари, ички ишлар органи ходимларининг мажбурий равишда ишга ёлланганини қайд этганлар. Лекин шунга қарамасдан, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга қарши саъй-ҳаракатини бошлаганидан сўнг, 2018 йилги пахта теримида иштирок этганларнинг 93 фоизи ихтиёрий равишда пахта тераётганини маълум қилган. 2017 йили бундай ихтиёрийлар 87 фоизни ташкил этганди.

Мавсум бошланишидан Ўзбекистон ҳукумати ХМТ вакилларининг мажбурий меҳнатга доир маълумотлар базаси билан танишишига рухсат берди. Халқаро ташкилот таҳлилчилари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ишонч телефонлари ва Telegram-каналига 1949 та мурожаат тушганини, уларни 200 нафар инспектор текширганини қайд этади. Республика Касаба уюшмалари федерациясига 557 та шикоят тушган, уларни юридик ташкилотнинг 28 нафар ходими ўрганган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги