06:43 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон божхоналари “рангли” йўлаклар тизимини жорий қилади

27.11.2018 09:52 msk

Фарғона

"Яллама" божхона пости. Rferl.org сайти фотоси
Ўзбекистон божхоналарида 2018 йил 1 декабрдан бошлаб 70% га 30% нисбатидаги “сариқ” ва “қизил” йўлаклар пайдо бўлади: “Сариқ йўлак”да божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади. “Қизил йўлак”да божхона назорати шакллари хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24 ноябрь куни имзолаган фармонида сўз юритилади.

2019 йил 1 мартдан бошлаб божхона тизимида яна икки йўлак пайдо бўлади. “Яшил йўлак”, бунда хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, божхона назорати шакллари уларга нисбатан амалга оширилмайди. “Кўк йўлак”, бунда хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танлов асосида аниқланган товарларга нисбатан божхона назорати шакллари улар чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган талабларга жавоб берадиган, ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлари институти жорий этилади. Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг божхона постларида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона юк декларациясини тўлдириш бўйича бепул асосда хизмат кўрсатувчи шахсларнинг махсус гуруҳи — “фронт-офис” тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича дастлабки лойиҳа (кейинги ўринларда — дастлабки лойиҳа) амалга оширилиши белгиланди.

Ўзбекистонда шунингдек, барча товарларга нисбатан экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб бекор қилинди.

“Яллама” ва “С.Нажимов” (Тошкент вилояти), “Дўстлик” (Андижон вилояти), “Олот” (Бухоро вилояти), 2020−2021 йилларда “Доут-ота” (Қорақалпоғистон Республикаси), “Маданият” (Андижон вилояти), “Ўзбекистон” (Фарғона вилояти), «Ғишткўприк» ва “Ойбек” (Тошкент вилояти) божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда 2019−2020 йилларда замонавий божхона терминаллари, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида қурилади. Божхона терминалларидаги давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг асосий функциялари “ягона дарча” тамойили асосида божхона, банк, логистика, тезкор-лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, экологик, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни кўрсатади. Тадбиркорлик субъектлари божхона терминалларида кўрсатиладиган тижорат хизматларидан ихтиёрий равишда фойдаланадилар.

2019 йил 1 мартдан бошлаб, олиб кириладиган товарларнинг божхона кўриги уч ой давомида божхона кўриги процедураси видеоёзуви сақланишини ва Давлат божхона қўмитаси марказий аппаратининг уланишини таъминловчи видеокузатув тизими билан жиҳозланган жойлардагина амалга оширилади.

Президент фармони божхона хизматчилари учун рағбатлантириш тизимини ҳам кўзда тутади. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси томонидан товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақти божхона постлари ходимлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади. Шу билан бирга, божхона расмийлаштируви вақти тўғрисидаги статистик ахборот ҳар ойда барча божхона постлари кесимида Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Қайд этамиз, жорий йилнинг февралида Давлат божхона қўмитасида кадрлар ўзгартирилди. Маҳкама раҳбари Муижон Тоҳирий лавозимидан четлатилиб, ўрнига Муротжон Азимов тайинланди. ОАВ хабарларига кўра, Тоҳирий ишдан бўшатилишидан аввал маҳкамада прокурорлик текширувчи бошланганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги