06:10 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қашқадарёдаги мактабга берилган кўмир кесак бўлиб чиқди

27.11.2018 09:51 msk

Фарғона

Turon24.uz сайти фотоси
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги мактабларидан бирига кўмир кўринишидаги кесак етказиб берилган. Бу ҳақда Turon24 хабар бермоқда.

№93 мактаб директори Тўра Турсуновнинг маълум қилишича, мактабга жорий куз-қиш мавсуми учун айни кунга қадар 11 тонна брикет келтирилган. Яна 4 тонна кўмир келтирилиши мўлжалланган. “Қанча кўмир ёқсак ҳам синф хоналари исимайди. Чунки кўмир сифатсиз. Брикетларда иссиқлик йўқ. Чўғ бўлмайди. Кўмир брикетлар кесак бўлса, қандай ёниши мумкин?”, – дейди мактаб директори.

Унинг сўзларини мактаб ўт ёқувчиси Холбўта Шералиев ҳам тасдиқлади. “Жорий куз-қиш мавсуми учун келган кўмир брикет бир ёниб ўчади, ҳеч қандай иссиқлиги йўқ, – дейди мактаб ўт ёқувчиси Холбўта Шералиев. – Энг ёмони бир тутаб, кесакка айланади. Шу боис ҳам қанча ёқмайлик синфхоналар исимайди”.

Мактаб директорига кўра, ўқитувчилар ўзлари пул йиғиб, синфхоналарни иситадиган замонавий қозонхона қуриш таклифи билан чиқишган. “Ташаббускор ўқитувчиларга менинг юрагим битта, бундай иш қилолмайман деб айтдим, – дейди Тўра Турсунов. – Хўп, пул йиғилди ҳам дейлик. Лекин қайсидир ўқитувчи кўчага чиқиб, директор ўқитувчилардан пул йиғаяпти деган гапни айтадими? Шунинг учун бу таклифни қўллаб-қувватламадим”.

Худди шунақанги ачинарли аҳволни туманнинг бошқа таълим муассасаларида ҳам учратиш мумкин. Мисол учун, №118 мактабда иситиш тизими ночор аҳволда, гарчи 15 тонна кўмир етказиб берилгани билан синфлар ҳамон совуқ қолмоқда. Ўқувчилар исиниб олиш учун пул йиғиб электр иситгичларини сотиб олишган. №90 мактаб яқинда таъмирдан чиққан, бинода олтита қозонхона қурилган, бироқ ёқилғи етишмоқчилиги боис улардан биттаси ишлаяпти, холос.

Вилоятнинг бошқа тумани Қамашида 89 та мактабга 1.3 минг тонна хўл брикет ва сифатсиз кўмир етказиб берилди. Шу билан бирга, туман прокуратураси таълим муассасаларининг раҳбарларидан нега журналистни мактабга киритгани ва суратга олишга рухсат берганини сўраб-суриштирган, содир бўлган ҳолат бўйича мактаб директорларидан тушунтириш хати ёздириб олган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган, унда мактабларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг бориши ҳам муҳокама қилинган эди. Йиғилишда Халқ таълими ва Молия вазирликлари маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2 ҳафта муддатда мактабларни куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёрлаш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланган эди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги