06:11 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуришга топшириқ берди

26.11.2018 17:13 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги уй-жойлар. Uza.uz сайти фотоси
2019 йили Ўзбекистонда 15 мингдан ортиқ арзон уй-жойлари қурилади. “Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида мана шулар ҳақида сўз юритилади, деб хабар беради Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Telegram-канали.

Қарорга мувофиқ, 2019 йилда жами 15 минг 10 та арзон уй-жойлар ва квартиралар қурилиши режалаштирилган. Уларнинг 11 минг 70 таси уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун мўлжалланган. Шунингдек, 2019 йилда фуқароларнинг алоҳида тоифалари (Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ички ишлар органлари ходимлари) учун жами 2 минг 10 та квартиралар қурилади.

Бундан ташқари, қарорга мувофиқ Тошкент шаҳрида ҳар йили Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчилари, қутқарувчилари ва ходимлари учун – 56 та, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари учун – 300 та, ички ишлар органлари ходимлари учун – 168 та, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун – 420 та, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар учун – 66 та квартиралар ажратилади. Уйлар узлуксиз сув ва электр таъминоти билан таъминланади.

Тижорат банклари уй-жой қурувчиларга 2 йиллик имтиёзли давр ҳамда 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида, қишлоқ жойлардаги арзон уй-жойларни сотиб олиш учун – 20 йил муддатга ва бошланғич бадали 10 фоиз миқдорида, фуқароларнинг алоҳида тоифалари томонидан арзон кўп квартирали уйларни сотиб олиш учун – 15 йил муддатга ва бошланғич бадали 25 фоиз миқдорида ипотека кредитлари тақдим этади. Бугунги кунда бошланғич бадал 16 фоизни ташкил этади.

Қарорга мувофиқ, 2019 йилдан “Обод қишлоқ” дастурига киритилган, шунингдек муҳандислик-транспорт коммуникациялари билан таъминланмаган ҳудудларда 0,02 га ўлчамли ер участкаларида бир қаватли 3 хонали арзон уйлар, “Обод қишлоқ” дастурига киритилган, шунингдек муҳандислик-транспорт коммуникациялари билан таъминланган ҳудудларда тўрт қаватли (2 ва 3 хонали) арзон уйлар, шаҳарларда Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари учун беш қаватли (2 ва 3 хонали) арзон уйлар қурилади.

Шу йил баҳорда президент Шавкат Мирзиёев қишлоқлардаги уй-жой шароитлари ёмонлигига эътибор қаратиб, бу соҳада самарали ишлар қилиниши учун “Обод қишлоқ” дастурини таклиф қилганди. 2018 йили дастур бўйича 15 мингта арзон уй-жойларини қуриш, сув таъминоти тармоқларини таъмирлаш, қишлоқ ички йўлларини реконструкция қилиш, болалар боғчалари, мактаблар, поликлиникалар қуриш ва транспорт инфратузилмаларини яхшилаш режалаштирилган. Бу ишларга 3 трлн 40 млрд сўм ($366 млн) ажратилган. Умумий ҳисобда республиканинг 174 та туманида 368 та маҳаллани ободонлаштириш режалаштирилган.

Президент Мирзиёев ўтган йил декабрдаги парламент йўлланмасида қурилган уй-жойларнинг 35-40 фоизи бўш ётгани, уларни асосан “бозор раҳбарлари ва бошқалар” сотиб олаётганини айтиб ўтганди. «Одамларнинг сотиб олишга қурби етиши учун бизлар арзон уй-жойларни қуришни бошладик. Ахир, шифокор ва ўқитувчиларнинг ҳам фарзандлари бор», - деганди президент.

Май ойида Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокмияти “Обод қишлоқ” дастури доирасида уй-жойлар қурилиши учун ўқитувчиларнинг бир кунлик иш ҳақини олиб қолишга қарор қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Маҳаллий мулозимлар маблағ йиғиш тўғрисида буйруқ борлигини тасдиқлаган ҳолда, ўқитувчилар ўз ташаббуси билан пул топшираётганларини таъкидлаганлар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги