06:21 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

28 ноябрдан Ўзбекистонда олтин ва кумуш тангалар сотила бошланади

26.11.2018 16:11 msk

Фарғона

"Амир Темур" эсдалик олтин тангаси. Cbu.uz сайти иллюстрацияси
Ўзбекистонда 28 ноябрдан бошлаб олтин ва кумушдан ишланган эсдалик тангалари сотила бошланади. Уларни айрим тижорат банкларидан сотиб олиш мумкин, деб хабар беради Ўзбекистон Марказий банки.

Марказий банк эсдалик тангаларининг сотилишини аҳолини инвестиция киритиш ва тежамкорлик имкониятларини кенгайтириш, шунингдек қимматбаҳо металлар бозорини ривожлантириш билан изоҳлайди.

Харидорларга 999,9 пробали ва 31,1 грамм вазндаги металлардан ишланган икки хил олтин ва 14 хил кумуш тангалари тақдим этилади. Тангалар 1994-2009 йиллари зарб этилган. «Амир Темур» (1997 йил) ва «Тошкентнинг 2200 йиллиги» (2009 йил) олтин тангалари, Ўзбекистон мустақиллигининг ўн йиллик шарафига аталган (2001), футбол, теннис, Амир Темур ҳайкали, Регистон майдони тасвирланган кумуш тангалар шулар жумласидандир.

Сотувга 1900 дона олтин ва 6900 дона кумуш тангалар чиқарилган. Тангалар сифати — PROOF, яъни эталонлидир. Тангаларнинг ҳар бири ҳақиқийлиги тўғрисида сертификатга эга. Марказий банк ҳар хафтада бир марта тангалар баҳосини миллий валютада белгилаб чиқади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги