06:12 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Собиқ Қарши тумани ички ишлар бўлими бошлиғи фермерларни ургани учун судланди

26.11.2018 10:46 msk

Фарғона

Собиқ Қарши ИИБ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов. Kun.Uz сайти фотоси
Қашқадарё вилоятининг собиқ Қарши тумани ИИБ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов ўн нафар фермер хўжалиги ходимларини калтаклагани учун икки йил озодликдан чекланди, деб хабар беради Kun.Uz.

Суд 23 ноябрь куни Ургут туманида бўлиб ўтди. Ражабовга нисбатан республика Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимят ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Тергов материалларига кўра, Ражабов Қарши туман ижтимоий-иқтисодий ривожланиш коплексининг III секторини бошқарар экан, 12 июль куни «Зулфиқор бобо набираси Баҳодир», «Олим-Ойбек-Дилдора», «Тошев Муҳтор Эшдавлат ўғли», «Абдуғофуров Муҳаммад Раҳматуллаевич», «Нозимбек-Атҳам-Оғабек», «Зоир ота ўғли Абдусалом», «Чулибустон кўрки», «Жалолиддин Озодбек Севинч», «Норпўлат бобо ўғли Башир» фермер хўжалиги раҳбарларини ўриб, сўккан.

Милиция бошлиғи томонидан калтакланганлардан бири - «Нафиса-Муниса-Эъзоза» фермер хўжалигининг раҳбари - аёл киши бўлган. Жабрланган аёлнинг сўзларига кўра, Ражабов аёлга бир нача бор тарсак қўйган, кейин уни камерага жўнатган, у ердаги калтакдан аёл ҳушидан кетган. Аёл уни бир марта тепишгани, уч йилга қамаш даҳдинини қилишганини айтиб берган. Калтакланган аёлни операция қилишган. Унинг қариндошлари ушбу воқеа юзасидан вилоят ИИБ, прокуратурасига мурожаат қилишади, лекин уларнинг аризасига эътибор берилмайди.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси июнда Ражабовга нисбатан хизмат текширувини бошлайди. Гувоҳлардан бири қурғоқчилик сабаб фермерлар давлат режасини бажармаганлиги туфайли Ражабов уларни ура бошлаганини айтади. «У бизнинг қулоқларимизга, икки қўли билан юзимизни ура бошлади», — дейди жабрланган фермерлардан бири. Милиционер уришидан йиқилиб тушган 60 ёшли фермернинг қалпоғи учиб кетади, орган ходими ўша қалпоқ билан ётиб қолган одамни уришда давом этади.

Судда Ражабов фермерларни шахсий ҳусумати туфайли урмагани, шу йўл билан қишлоқ хўжалиги соҳасини “ривожлантирмоқчи бўлгани”ни айтган. Жабрланганлар суд қарорини ўта енгиллигидан норози бўлиб қолдилар.

Ҳосил йиғим даврида режани бажармаганлик учун одамларни уриш Ўзбекистонда одатий ҳолга айланган. Апрель ойида Қашқадарё вилояти Гузар тумани ҳокими ўринбосари Ҳабиб Азизов қўл остидаги ходимнинг керакли ҳужжати бўлгани туфайли уриб, бурнини синдирган. Жиззах вилояти Янгиобод тумани ИИБ бошлиғи Илҳом Сулаймонов фермерни уриб бурнини синдиргани учун жавобгарликка тортилган.

2018 йили Фарғона вилоятининг Язъёвон тумани ҳокими Йўлчибой Боййигитов 60 ёшли фермер Қурбонали Жўраевни пахта режасини бажармаганлигини учун омма олдида калтаклайди. Октябрь ойида Тошкент вилоятида Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаевнинг фермерларни жазолаш бўйича ўйлаб топган чораси халқ орасида шов-шувларга сабаб бўлди: у айрим мутасадди раҳбарларни ҳосилни яхши топширмагани учун тиззасигача ариққа тушириб қўяди, бошқаларини далада улкан кесакларни кўтариб туришга мажбур қилади. Мазкур воқеадан сўнг Мирзаев ўз лавозимидан олиниб, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги