06:09 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёевга мурожаат қилган соқолли қўшиқчи “Ўзбекконцерт”га ўз талабини қўйди

23.11.2018 15:44 msk

Фарғона

Қўшиқчи San Jay. Upl.uz сайти фотоси
Ўзбек хонандаси, Чеченистон халқ артисти Санжар Жавбердиев (Сан Жей) унинг ижодига Ўзбекистоннинг атоқли хонандалари баҳо берадиган бўлсагина “Ўзбекконцерт” ходимлари олдида ўз ижодини намоён қилишга рози эканини билдирди. Бу ҳақда Turon24 хабар беради.

«Ижодимдан ўрин олмаган миллий классик композициялар ижроси орқали менга баҳо беришларини мақсадга мувофиқ эмас, деб биламан. Мен Чеченистон халқ артистиман. Майли, қўшиқларимга Ўзбекистон эстрадасининг машҳур хонандалари баҳо беришсин», — дейди хонанда.

Бундан олдин артист Ўзбекистон президентига видеомурожаат қилиб, унда лицензия олишига кўмак беришини сўраганди. Хонанданинг сўзларига кўра, “Ўзбекконцерт” ташкилоти унинг соқоли борлиги сабаб лицензия бермаган. Видеомурожаатни кўрган “Ўзбекконцерт” раҳбари Одил Абдуқаҳҳаров Turon24 нашрига хонанда ташкилотнинг эксперт комиссиясининг навбатдаги мажлисига таклиф қилинганини айтган. У қўшиқчининг ижоди маҳоратига қараб баҳоланиши таъкидлайди. Абдуқаҳҳоровнинг сўзларига кўра, мажлис очиқ бўлиб, унда журналист ва жамоат арбоблари қатнашадилар.

«Келсин, вокал маҳоратини кўрсатсин, агар у ижодий кенгаш талабига жавоб берса, у ҳолда лицензия берилади. Лицензияни бериш-бермасликни фақат Кенгаш ҳал қилади», — деди Одил Абдукаҳҳоров.

«Агар Кенгаш аъзолари орасида Юлдуз Усмонова, Фарруҳ Зокиров, Насиба Абдуллаева ва Шерали Жўраевлар бор бўлсагина, мен улар олдида куйлайман. — деб жавоб берди Сан Жей, — Чунки мен замонавий қўшиқчиман».

«Ўзбекконцерт» Давлат бирлашмаси республикада артистлар фаолиятини назорат қилади ва миллий менталитет ва “шарқона одоб-аҳлоқ” тушунчалари билан кўпинча хонандаларни лицензиядан маҳрум қилади. Абдукаҳҳоров “Ўзбекконцерт” саъй-ҳаракатлари маънавиятни тиклаш, ёшларни ёмон унсурлардан қайтаришга қаратилганини айтади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги