06:10 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Оруэллнинг «1984» романи илк бор ўзбек тилида нашр этилди

23.11.2018 12:51 msk

Фарғона

"1984" романи ўзбек тилида. Turon24.uz сайти фотоси
Машҳур ёзувчи Жорж Оруэллнинг «1984» романи биринчи бор ўзбек тилида чоп этилди. Роман «Аsaxiy books» нашриётида чоп этилган бўлиб, таржима журналист ва таржимон Карим Бахриев томонидан амалга оширилган, деб хабар беради «Turon24» агентлиги.

Китоб 5000 экземплярда нашр этилган, деб хабар беради лойиҳани молиялаштирган 28 ёшли бизнесмен Фируз Аллаев “Озодлик” радиосига. Унинг сўзларига кўра, Оруэллни таржима қилиш фикри июль ойида Европа сафарида, “Франция китоб бозорини ўрганганида” пайдо бўлган. Аллаев Facebookдаги саҳифасида китобга буюртмалар октябрь ойидан келиб туша бошлагани, роман 20 ноябрда сотувчи чиққани ва 30 минг сўм ($3,6) туришини ёзади.

Таржима Вазирлар Маҳкамасининг “Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш ва нашр этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори доирасида амалга оширилган. Лойиҳа бўйича Оруэллдан ташқари Нобель мукофоти лауреати, турк ёзувчиси Ўрхон Помуқнинг “Менинг отим қизил” романи ҳам ўзбек китобхонларига тақдим этилади. Платон, Монтен, Вольтер асарларини ўзбекчага таржима қилган Карим Бахриев “Одноклассники” даги саҳифасида келажакда ўзбек тилига жаҳон адабиётининг юзлаб дурдона асарлари таржима қилинишига умид билдиради.

“Шарқ юлдузи” журналининг бош муҳаррири Улуғбек Ҳамдам ҳам мазкур романнинг ўзбекчага ўгирилганини олқишлайди: «Бундан бир неча йил олдин ушбу асарни рус тилида ўқиганимда уни ўзбек тилига ўгириш керак, деган ўйга боргандим. Асарда воқеалик юз берган ҳудудни аниқ ифодалаш қийин. Воқеа Ер юзининг хоҳлаган минтақасида бўлиши мумкин. Шу маънода бу китоб жаҳон адабиётининг энг нодир асарларидан бири ҳисобланади».

Оруэлл «1984» романида ўзининг “Ҳайвонлар ҳовлиси” ва Евгений Замятиннинг антиутопик “Бизлар” асарида тасвирлангани каби тоталитаризм мавзусини кенг ёритади: асарда Ҳақиқат вазирлиги, Катта ака культи (“Катта ака сени кузатиб туради”), иккиламчи фикрлаш (“Уруш бу-тинчлик”, “Эркинлик бу-қуллик”, “Жоҳилият - куч”), шахсий ҳаётни назорат қилиш тушунчалари чуқур ёритилган. 1948 йили ёзилиб, 1949 йили чоп этилган мазкур роман Newsweek (Newsweek’s Top 100 Books) журнали томонидан тақдим этилган “Барча давр ва халқларнинг 100 та энг яхши китоблари рўйхати” дан иккинчи ўринни эгаллаган ва дунёдаги энг машҳур ўнта асарнинг бири ҳисобланади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги