06:12 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижон вилоятида милиционерни калтаклаб ўлдиришган

23.11.2018 11:09 msk

Фарғона

Тошкентда ҳужжатларни текшириш. Danlux.livejournal.com блоги фотоси
Андижон вилоятининг Избосган туманида кечаси одамлар ҳужжатларни текширмоқчи бўлган милиционерларни уришган. 29 ёшли лейтенант Илҳомжон Ҳайдаров ўша ерда вафот этган, деб хабар беради Gazeta.Uz Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига таянган ҳолда.

Воқеа 22 ноябрь куни тунги соат 01:30 да Ҳайдаров ҳамкасби С.Я. билан хизмат вазифасини бажараётган вақтда содир бўлган. Улар кўчада еттита эркакнинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида улардан ўзларини таништиришни сўрайди. Бироқ А.Ж. уларнинг талабига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатиб, телефон орқали укаси С.Ж. ва жияни З.Қ.ни ҳодиса жойига чақириб, улар билан бирга С.Я. ва Илҳом Ҳайдаровни калтаклайди. С.Я. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган бўлса, Ҳайдаров ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмади.

Мазкур ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан А.Ж., С.Ж. ва З.Қ.ларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «г,л,п» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Айбдор шахслар қўлга олинган.

Ўзбекистонликлар кўпинча милиционерлар томонидан ҳужжатлар текширувига норозилиик билдирадилар. Кейинги уч йил ичида кечки соат 21.00 дан сўнг кўчада юрган шахсларни текширувчи ички ишлар органи ходимларининг тунги рейдларидан шикоятлар кўпайган. Қонунга кўра, ИИВ ходими инсон шахсини хоҳлаган вақтда текшириши мумкин. “Ички ишлар органи тўғрисида” ги қонунга кўра ходим кўчада исталган одамдан ҳужжат сўраши мумкин ва фуқаро бу талабга бўйсуниши керак. Айрим пайтлар бундай текширувлар байрам ва бошқа тадбирлар пайти ўтказилади.

Бундан ташқари, ички ишлар органи ходими паспорт тизими талабларига кўра, маълум ҳудудда одамларнинг фуқаролигини аниқлаш ва вақтинча регитрациясини текшириш учун ҳужжатларни талаб қилиши мумкин. Агар фуқаронинг ҳужжати бўлмаса, уни аниқлаш учун шахсни милиция бўлимига олиб бориши мумкин. Лекин бундан олдин у ўзини таништириши, ушлаганлик ҳақида баённома тузиши, фуқарога бир марта қўнғироқ қилишига имкон бериши керак.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги