14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳкумлар масофавий таълим олиш ҳуқуқига эга бўладилар

09.11.2018 14:38 msk

Фарғона

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳкумлар. Podrobno.uz сайти фотоси
Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар масофавий ўқиш орқали олий маълумотга эга бўлишлари мумки. Бундай имконият Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарорида белгиланган, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Концепция доирасида жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро стандартларга мослигини қайта кўриб чиқиш, маҳкумларни камера типида сақлашни жорий этиш, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахсларни қайта касбий тайёрлаш масалалари назарда тутилган.

Бундан ташқари озодликдан маҳрум қилинганларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар ўтказишга бўлган чекловни бекор қилиш, шунингдек уларни олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида масофавий ўқитишни жорий этиш ҳам концепцияда ўз аксини топган.

2019 йил 1 январдан Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этилишини назорат қилиш бошқармаси негизида Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати ташкил этилади.

Шартли ҳукм қилинган ва шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш пробация бўлинмаларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланади.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти” мутахассислиги бўйича ўқиш жорий этилади.

Таъкидлаш жоиз, сентябрда ИИВ маҳкумлар шароитини яхшилаш борасида қонунга ўзгартиришлар киритиш борасида қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди. Жумладан, унга маҳкумларнинг психолик ёрдам олиши, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, меҳнат фаолиятига оид қонунчилик бўйича иш ҳақи олиши таклифлари киритилган. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида маҳкумнинг қаттиқ оғриб қолган пайти унга тезда врачни йўллаш, маҳкумнинг касаллигидан унинг қариндош-уруғларини хабардор қилиш таклифлари ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил бошида Қозоғистондаги иккита қамоқхонада маҳкумларнинг олий маълумот олиши учун масавафий ўқиш лойиҳаси ишга туширилганди. Лойиҳа бўйича бунда хоҳлаган маҳкум таълим олиш имкониятига эга бўлади. Ўқиш учун маҳкум ёши ёки унинг қайси модда билан жазолангани билан боғлиқ чекловлар йўқ. Маҳкумларга эркин фуқаролар қатори керакли мутахассисликни танлаш ва шу соҳада таълим олиш имконияти берилади. Мазкур лойиҳани ишлаб чиқишда мутахассислар маҳкумларга масофавий таълим олиш имкониятининг берилиши, уларнинг кейинчалик жамиятдаги турмушга мослашуви учун яқиндан кўмак беришига урғу берадилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги