14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сурхондарё вилоятида прокурор ва ҳоким ўринбосари ишдан олинди

09.11.2018 14:37 msk

Фарғона

Абдулла Арипов. Sputniknews-uz.com сайти фотоси
Сурхондарё вилояти прокурори Ўктам Саидов ва вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Улуғбек Оҳунов бошқа ишга ўтганлиги сабаб, ўз лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Сурхондарё ҳокимияти Telegram-каналида хабар берилган.

Бу воқеа 8 ноябрь куни, вилоятга Бош вазир Абдулла Арипов ва президент администрацияси бошлиғи Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ташриф буюрганида рўй берди. Денов туманининг ҳокими Улуғбек Қосимов вилоят прокурори, ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари этиб собиқ вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг бошлиғи Раҳматулла Ғаффоров тайинланди.

Бош вазир Абдулла Арипов, вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатов ва бошқа вазирлик, туман ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган видеоселектор мажлисида мазкур лавозимларга тайинлаш қарори эълон қилинган.

Мажлисда, жумладан Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Аброл Ваҳобов 2018 йили Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотлар суст ўтказилгани, йиғим-терим мавсумига яхши тайёрганлик кўрилмаганини айтиб ўтди.

Таъкидлаш керак, вилоят раҳбарияти собиқ прокурорлардан тайинланган эди. Баҳодир Пўлатов ушбу лавозимига қадар Тошкент вилояти прокурори, унинг ҳозирда собиқ бўлган ўринбосари Оҳунов - Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат комплекси ва озиқ-овқат хавфсизлигини назорат қилиш бошқармасининг раҳбари бўлиб ишлаганди.

Сурхондарё вилоят прокурори ва ҳоким ўринбосарининг ишдан олиниши йиғим-терим мавсумида ишдан олинган ягона раҳбарлар эмас. Бундан олдин Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев 29 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан “ҳосилни экиш ва йиғиш жараёнида” йўл қўйган хатолари учун ишдан олинган эди. Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида буғдойни суғормагани учун олти кишининг сув оқиб турган ариққа кийими билан туширган ва Оққўрғон туманида мутасаддиларни катта кесакларни кўтариб туришга буйруқ берган. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов собиқ ўринбосари Зойир Мирзаев ҳатти-ҳаракатини мамлакат президенти сиёсатига мутлоқ қарши, деб баҳолаган. Лекин шунга қарамасдан, Мирзаев ҳеч қанча вақт ўтмасдан ишга тикланди, яъни Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги