14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги болалар ўлими даражасини «ҳавотирли» деб билди

09.11.2018 10:38 msk

Фарғона

Халқаро болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Ўзбекистонда болалар ўлими даражасининг 57 фоизини уларнинг туғилганидан кейин 28 кунга етмасидан содир бўлаётганини “хавотирли” деб атади. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ташкилот сайтида шу ҳақда хабар берган.

Ўзбекистонда болаларнинг беш ёшгача бўлган даврдаги ўлим ҳолати камайтирилгани билан, чақалоқлар орасида юз бераётган 57 фоиз ўлим ҳолати уларнинг неонатал (туғилганидан кейин 28 кун даври) пайтида юз бермоқда, дейилади ЮНИСЕФ баёнотида. «Ўзбекистонда ҳанузгача чақалоқларнинг ўлим даражаси юқори ва бу ҳолат ташвишлидир, зеро туғилган чақалоқларнинг кўпини сақлаб қолиш мумкин», — дея таъкидлаган Грауманн.


ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн (ўртада). Unicef.uz сайти фотоси

Кенгаш мажлисида маҳаллий ва ҳалқаро экспертлар, ҳукумат ва парламент вакиллари болаларнинг ўлим даражасини камайтириш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

БМТ ташкилоти дунёда болалар ўртасида ўлим ҳолатларини камайтириш борасида 1990 йилга қараганда анчагина ютуқлар қўлга киритилгани, лекин шунга қарамасдан 2017 йили жаҳонда 5,4 миллион чақалоқ туғилганидан беш кунга бормай оламдан ўтгани, 2,5 миллион чақалоқ туғилганидан бошлаб икки ой умр қўролмаганини маълум қилди.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти ва бошқа мутахассислар болалар учун қиммат бўлмаган ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ишларни амалга оширишни ваъда қилдилар.

Республика Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, мамлакатда 2016 йили бир ёшгача бўлган болалар ўлими 8300 та қайд этилган бўлса, бу кўрсатгич 2016 йили 7700 тага камайган.

2018 йил сентябрда эълон қилинган ҳисоботга кўра, 2018 йили бир ёшгача бўлган болалар ўлими 3500 тага камайган. Улардан 60% га яқини перинотал даврида, 16,8% — нафас олиш йўллари касаллигидан, 12,9% — тўғма аномалиядан , 2,2% — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва шикастланишдан, 2% —юқумли ва паразитар касалликлардан нобуд бўлганлар.

Шу билан бирга 2018 йили Ўзбекистон одамларнинг узоқ умр кўриши бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллаган. Республикада одамларнинг умр кўриш даражаси 73, 7 йилни ташкил этган. Бу кўрсатгич Тожикистонда – 73,7 йил, Қозоғистонда – 72,4 йил, Қирғизистонда – 70,9 йил, Туркманистонда – 70,4 йилдан иборат.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги