15:12 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги хусусий реклама сайтига иш ўринлари базасини жойлаштирди

09.11.2018 09:47 msk

Фарғона

Ўзбекистон Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлигининг иш ўринлари миллий базаси OLX.uz (илгари Torg.uz) эълонлар сайти платформасида жойлаштирилди. Давлат муассасаларида иш ўринлари тўғрисидаги эълонларни ish.olx.uz сайтидан топиб ўқишингиз мумкин, дея хабар беради Spot.uz.


Ish.olx.uz сайтидаги иш ўринлари

“Aйни пайтда Вазирлик платформасида мамлакат бўйлаб 25 000 дан ортиқ бўш иш ўринлари эълон қилинган. OLX.uz Ўзбекистонда энг кўп ташриф буюриладиган серверлардан бири бўлгани туфайли, мутахассисларни самарали излаб топиш ва республика аҳоли бандлигини ошириш мақсадида ҳамкорлик ҳақида қарор қабул қилинди” – деб изоҳ берди Бандлик ва меҳнат вазирлиги муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов.

Бугунги кунда OLX.uz саҳифасида 11 мингга яқин иш таклиф қилиш борасидаги эълонлар жойлаштирилди. Фақат апрель ойида тўрт мингдан ортиқ бўш ўринлар сервис ёрдамида ёпилди. Ҳар ой “иш” бўлимига 300 мингдан зиёд ўзбекистонлик фойдаланувчилар ташриф буюришади. Таққослаш учун: иш ўринларининг миллий базаси жойлаштирилган ягона манба – Меҳнат вазирлиги сайтида рўйхатга олинган фойдаланувчилар сони 382 мингдан зиёд кишини ташкил этади. Вазирликнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасига эса 20 минг киши обуна бўлган.

Миллий базада 8 ноябрь куни чоп этилган янги эълонлар ичида энг катта маош Сурхондарё вилояти Денов шаҳридаги ўрта мактаб ўқитувчиси учун кўзда тутилган – 1 680 000 сўм ($204). Бироқ ўртача маошлар 800 000 – 1 000 000 сўм чегарасида жойлашган ($100 атрофида).

Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда биринчи ярим йиллик якуни бўйича ишсизлик даражаси меҳнатга лаёқатли аҳоли сонига нисбатан 9,3 фоизни ташкил этади. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу кўрсаткич 5,2% даражасида қайд этилганди. Вазирликдагилар изоҳ беришича, ишсизлик даражасининг ўсиши маълумотларни ҳисобга олиш услуби ўзгаргани билан боғланган. Вилоятлар бўйича энг катта ишсизлик даражаси Фарғона, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган. Энг кам ишсизлик Тошкентда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги