14:55 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистонлик қутқарувчилар лойда ботиб қолган ўзбекистонликларга ёрдам бердилар

09.11.2018 09:36 msk

Фарғона

Tengrinews.kz сайти фотоси
Қозоғистоннинг Арқалиқ шаҳридан 80 километр масофада автомобилда лойга ботиб қолган ўзбекистонлик фуқароларга қозоғистонлик қутқарувчилар ёрдам бердилар. Бу ҳақда республика фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Mercedes-Benz Vito русумли автомобиль дала йўлида лойга ботиб қолгани тўғрисидаги хабар 7 ноябрь куни кечқурун етиб келди. Машинада Ўзбекистоннинг 7 нафар фуқароси бўлиб, улардан учтаси ёш бола эди. Улар ўзларининг қаердалигини аниқ айтиб бера олмаганлари учун уларни деярли олти соат давомида қидирдилар. Хабарда айтилишича, қидирувда битта техника бирлиги ва уч нафар одам машғул бўлган.

Маълум бўлишича, қўшни республика фуқаролари ўтирган автомобиль Терсаккан дарёсидан ўтадиган жойда қумли лойга ботиб қолган экан. Қутқарувчилар машинани тортиб чиқариб, уни Арқалиқ шаҳригача кузатиб қўйдилар. Ҳайдовчи ва йўловчиларнинг аҳволи қониқарли, тиббий ёрдамга эҳтиёжи йўқ бўлиб, қутқарувчиларнинг далолатномасида ўз миннатдорчиликларини ёзма равишда изҳор этганлар.

Ўзбекистонлик йўловчилар Қозоғистоннинг йўлларида мураккаб вазиятларга тушиб қолиш ҳоллари биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Ўтган йилнинг қишида Ақмола вилоятида изғиринда қолиб кетган автобусдан ўнлаб одамлар эвакуация қилинган. Бундан олдинроқ эса Самара-Чимкент трассасида Россияга ишлагани кетаётган ўзбекистонлик фуқароларни олиб кетаётган автобус ёниб кетиши натижасида 52 нафар йўловчи тириклайин ёниб кетган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги