14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жанжал кетидан ишдан олинган Бош вазир ўринбосари туманга ҳоким бўлди

08.11.2018 16:27 msk

Фарғона

Зойир Мирзаев. Upl.Uz сайти фотоси
Ҳосилни йиғиштириш мавсумида раҳбарларни ўзига ҳос жазолаган Ўзбекистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Зойир Мирзаев Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланди. 7 ноябрь куни халқ депутаталари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу нарса маълум бўлди, деб хабар беради кенгашдаги манбасига таянган ҳолда Kun.Uz.

Туман ҳокими лавозими, кўпинча вазифасининг уддасидан чиқолмаган ёки айбдор бўлган юқори лавозимли амалдорнинг сургундаги лавозими саналади. Мирзаевнинг бу лавозимга кўйилиши ижтимоий тармоқларда унинг “ўзига хос жазо усуллари” ни қўллаши билан боғлиқ жанжаллар сўнмасидан олдин юз берди.

Бош вазир ўринбосари 29 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан “ҳосилни экиш ва йиғиш жараёнида” йўл қўйган хатолари учун ишдан олинган эди. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда ғалла экини билан боғлиқ иккита фотосуратлар пайдо бўлганидан кейин юз берди. Суратларнинг бирида Мирзаев топшириқни ёмон бажарган мутасадди раҳбарларни тиззасигача ариққа сувга туширтириб қўйгани ва иккинчисида раҳбарларни далада катта кесакларни кўтариб қўйиш орқали жазолагани акс этганди. Суратлар бошқа раҳбарларга ўрнак бўлсин учун олинган. Жанжалга дахлдор мазкур фотосуратлар Зоир Мирзаевнинг Тошкент вилояти Оққўрғон ва Бекобод туманига ташрифидан сўнг ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Мирзаевнинг ҳокимлик қилиш борасида тажрибаси бор. 2016 йил Бош вазир ўринбосари лавозимига тайинлангунга қадар у Самарқанд вилоятининг ҳокими, ундан олдин 2008 йилда Самарқанд шаҳри ҳокими вазифасида ишлаган. Мирзаев ўз карьерасини Жомбой туманининг “Ҳ.Низоматов” колхозидан бошлаган. Кейинчалик 2003-2004 йиллари у шу туманга ҳоким бўлган.

Бош вазир лавозимига Абдулла Арипов тайинланганидан сўнг президент Шавкат Мирзиёев шу йўл билан собиқ мулозимларни реабилитация қилаётгани ҳақида гаплар пайдо бўлди. Маълумки, Арипов «МТС-Ўзбекистон» уяли алоқа оператори билан боғлиқ жанжалда айбланиб, вазирлик лавозимидан айрилган эди. Шундан кейин бир неча бахс-мунозарали кадрлар тайинланиши юз берди. Коррупцияда айбланган қатор амалдорлар янги лавозимларга ўтқазилган. Абдуқаҳҳор Тўхтаев ва Козим Тўлаганов шулар жумласидан. 2005 йили йили Андижонда тинч намойишчиларни ўққа тутишга буйруқ берган Зокиржон Алматов 2018 йили ИИВ раҳбарининг маслаҳатчиси этиб тайинланди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги