15:23 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Уральские авиалинии» Нукусдан Жуковский аэропортига парвозлар уюштиради

08.11.2018 09:30 msk

Фарғона

«Уральские авиалинии» самолётлари. Компания матбуот хизмати фотоси
Россиянинг «Уральские авиалинии» авиакомпанияси 13 ноябрдан Москва вилоятининг Жуковский аэропортидан Нукус шаҳрига парвозлар уюштиради, деб хабар беради «Интерфакс».

Жадвалга кўра, авиапарвозлар ҳафтанинг сешанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. Учиш вақти уч ярим соат вақтни олади.

Ҳозирда «Уральские авиалинии» самолётлари ҳафтанинг чоршанба кунлари Москванинг Домодедово аэропортидан парвоз қилади. Авиакомпаниянинг ушбу рейсдан воз кечиш нияти йўқ.

Нукус шаҳридан Москвага “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг самолётлари ҳам учади. Маълумки, компания октябрь ойида барча парвозларини Домодедоводан Внуково аэропортига кўчирди.

Жуковскийдан «Уральские авиалинии» аивакомпаниясининг Тожикистоннинг Кулоб, Душанбе, Хўжанд, Қирғизистоннинг Бишкек ва Ўш шаҳарларига, шунингдек Тбилиси, Тель-Авив, Рим, Калининград ва Симферополь шаҳарларига самолётлари учади. 24 декабрдан компания Жуковскийдан Олма-Ота шаҳрига рейс очиш ниятида.

«Уральские авиалинии» Россияда энг кўп йўловчиларни ташийдиган энг йирик бешта авиакомпаниянинг бири саналади.

Апрель ойида Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўзаро авиапарвозларни икки баробарга кўпайтиришга келишиб олди. Росавиация маълумотларига кўра, 2018-2019 йил қиш мавсумида (фуқаро авиацияси мавсуми қишки ва ёзги мавсумга бўлинади) рейслар сони 105 та бўлиб, 2019 йил ёзида эса улар 125 тага кўпайтирилади. Келишувга кўра, рейслар Россиянинг 12 та, Ўзбекистоннинг 11 та шаҳарларидан амалга оширилади. Россиянинг «Аэрофлот» компанияси 28 октябрдан очилган қиш мавсумида Ўш ва Бухоро шаҳарлари бўйлаб доимий авиапарвозларини ташкил этди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги