14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон дунёдаги энг йирик олтин конида ишлар олиб бориш учун $733,9 млн миқдорида пул сарфлайди

07.11.2018 15:26 msk

Фарғона

Мурунтов олтин конида иш болиб бораётган техника. Sensorika.uz сайти фотоси
“Мутунтов конининг (V навбат) 1-бошқичини ишга тушириш» инновацион лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистон ҳукумати $733,3 млн миқдорида маблағ сарфлашни режалаштирган. Вазирлар Маҳкамасининг бу билан боғлиқ қарори 6 ноябрдан кучга кирди.

Лойиҳанинг асосий инвестори - Навоий кон - металлургия комбинати (НТМК) бўлиб, у олтин конини ишга тушириш учун $445,9 млн сармоя киритади. Қолган $288 млн маблағ кредит сифатида Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт фонди томонидан ажратилади. Кредит 7,5 йил ичида ўзини оқлаши кутилмоқда.

Янги коннинг очилиши “Мурунтов” карьерасининг қимматбаҳо металларга бой IV навбатининг ўрнини босади, НТМК саноат қувватини иш билан таъминлашга имкон беради.

Мурунтов – дунёдаги энг йирик олтин кони ҳисобланади. У Қизилқум чўлининг жануби-ғарбидаги тоғда, Навоий вилоятининг Тандим тумани ҳудудида жойлашган. Олтин кони 1958 йили очилган ва 1969 йили 21 июлдан бу ердан қимматбаҳо металл қазиб олина бошланган. У Зарафшон олтин қазиб чиқариш мажмуасининг энг салмоқли кони саналади. Мурунтовда дунёдаги энг катта олтин қазиб олиш карьераси барпо этилган. Унинг узунлиги - 3,5 км, эъни - 2,7 км, чуқурлиги - 600 метрдан иборат.

НТМК таркибига тўртта металлургия заводи, тоғ жисмларни майдалаш кони ва битта олтин саралаб олиш цехи киради. Навоий комбинатида ишлаб чиқариш 1991 йилга қараганда уч баробар ортган, олтин ишлаб чиқариш 40 фоизга ошган. Кейинги йиллар комбинат йилига 70 тонна олтин ишлаб чиқарган.

Ўзбекистон Марказий банкининг 2018 йил 1 сентябрдаги маълумотига кўра, мамлакатнинг олтин захираси $13,9 млрд миқдорида бўлган. Бу қимматбаҳо металл Ўзбекистон экспортидаги энг муҳим маҳсулот саналади. Республика 2020 йилга келиб заргарлик буюмлари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни $40 млн етказишни режалаштирган. Ўзбек олтинини катта миқдорда сотиб олаётган мамлакат Швейцария ҳисобланади.

АҚШ геология хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2017 йили умумий ҳисобда 100 тонна олтин қазиб олган ва бу кўрсатгич билан дунёда тўққизинчи ўринни эгаллаган. Олтин қазиб чиқариш бўйича Хитой, Австралия ва Россия жаҳоннинг етакчи мамлакатлари ҳисобланади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги