14:58 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жанжалли фотосуратга дахлдор амалдор ҳибсга олинган

07.11.2018 11:52 msk

Фарғона

Қўлларида кесак кўтарган мулозимлар. Kun.uz сайти фотоси
Тошкент вилояти Бекобод туманида далада кесак кўтариб турган олтита шахсдан бири жиноят кодексининг учта моддаси бўйича ҳибсга олинган, деб хабар беради Kun.Uz қамалган мулозимнинг турмуш ўртоғи сўзларига таянган ҳолда.

Сурат 26 октябрь куни олинган бўлиб, бу куни ҳозирда собиқ бўлган Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев вилоятга ташриф буюрган. Шу куннинг ўзида Бекобод туман ҳокимиятининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Қосим Бозорбоев “ўғирлик”, “мансабни суиистеъмол қилиш”, “пора бериш” (Ўзбекистон ЖКнинг 167,205, 211- моддалари) моддалари билан ҳибсга олинган.

«Kun.uz» суриштирувига кўра, Бекобод туман Қишлоқ хўжалиги бўлим бошлиғи ўша куни уйга қайтмаган. Унинг турмуш ўртоғи айтишича, орадан икки кун ўтиб туман прокуратурасидан эрининг дараги чиққан.

«Туман прокуратурасидан қўнғироқ бўлиб, эримнинг иссиқ кийимларини келтиришимизни сўрашди. Шундан сўнг, биз унинг қаерда эканидан хабар топдик. Иссиқ кийимларини бераётганимда эримнинг эгнидаги костюм тупроқ аралаш кир бўлиб қолганидан шубҳаландим. Кейинроқ, интернетда тарқалган сурат орқали аслида нима бўлганини билиб олдим”, - дейди у.

Бекобод туман прокурори ўринбосарининг «Kun.uz»га маълум қилишича, унга нисбатан юритилаётган жиноят иши ва «кесак кўтариш» ўртасида алоқадорлик йўқ.

Далада кесак кўтариб турган олтовлон фотосурати интернетда 27 октябрь куни пайдо бўлган. Аниқланишича, улар улар Бекобод тумани Қишлоқ хўжалиги бўлим бошлиғи, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими раиси, Тошкент вилояти сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Бекобод туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Бекобод тумани Ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи ҳамда Бекобод туман Сув хўжалиги бўлими бошлиғидир. “Ботир Малик” фермер хўжалигида ерларга яхши ишлов берилмай буғдой қадалгани учун Зойир Мирзаев уларни шундай жазолаган ва бошқаларга ўрнак бўлиши учун ушбу суратни тарқатишни буюрган.

Ариқда тиззасигача сувда турган мулозимлар билан боғлиқ фотосуратнинг пайдо бўлишини ҳам Мирзаев фаолияти билан боғлайдилар.

Маълум бўлишича, Бекобод тумани Ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи Абдулла Умаров ушбу воқеадан сўнг ўз ихтиёри билан ишдан бўшашга қарор қилган. 29 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан Зоир Мирзаевни ишдан олди ва мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш учун давлат мулозимлари жавобгарлигини кучайтириш борасида топшириқ берди. Шу билан бир пайтда Бош прокуратурага қишлоқ хўжалиги соҳасида йўл қўшилган қонунбузарликларни аниқлаш вазифаси топширилган. Бош вазир Абдулла Арипов ҳам Зойир Мирзаев ҳатти-ҳаракатини кескин танқид қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги