14:55 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида «Ўқитувчи ва мураббийлар ҳиёбони» ташкил этилади

05.11.2018 16:20 msk

Фарғона

Ўзбекистонда Ўқитувчи ва мураббийлар кунининг нишонланиши. Insamarkand.uz сайти фотоси
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида “Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари” ташкил этилади. Бу ҳақда ҳукумат қарор чиқарди, деб хабар беради Алдия вазирлигининг Telegram-канали.

Мазкур хиёбонларда ўқитувчи ва мураббийларнинг сиймосини акс эттирувчи, уларнинг нуфузини оширувчи монументлар, кутубхоналар, илмий-маърифий бинолар, музейлар ёки кичик кўргазма заллари ва бошқа кўнгилочар объектлар ташкил этилади.

Тематик хиёбонлар фаолияти 2018–2020 йилларда йўлга қўйилади. Хиёбонларнинг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиш Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бу каби тематик ҳиёбонларни ташкил этиш тўғрисида 2018 йил 14 августда қабул қилинган президент қарорида сўз юритилганди. Унда “баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани” айтилган.

2018 йил президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматга ўқитувчилар нуфузуни оширишга доир ишларни амалга ошириш борасида топшириқ берганди. Бундан олдин мамлакат раҳбари Халқ таълим вазири Улуғбек Иноятов ва унинг учта ўринбосарини ишдан олиб ташлади. Вазирликни Шерзод Шерматов бошқара бошлади. Шерматов ўқитувчиларни ойликларини кўтариш эвазигагина уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш мумкинлигини таъкидлади. Сентябрь ойида педагогларнинг ойликлари оширилди, уларга автокредит ва ипотека борасида имтиёзлар берилди. Маориф тизими ходимлари касбга алоқаси бўлмаган ишлардан озод этилдилар. Куни-кеча Халқ таълим вазирлиги “Ўқитувчилар мақоми тўғрисида” қонун лойиҳасини жамоат муҳокамаси учун эълон қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги