14:58 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Таълим сифати назоратчилари Тошкентга прописка қилиниши мумкин

05.11.2018 13:40 msk

Фарғона

Ўзбекистон фуқароси паспортидаги штамп. Ozodlik.org сайти фотоси
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида прописка қилиниши мумкин. 1 ноябрь куни эълон қилинган ҳукумат қарорида мана шу ҳақда сўз юритилади.

Республиканинг турли ҳудудларида яшаётган юқори малакали ва тор доирадаги мутахассислар пойтахтга ишга таклиф қилинган даврида пропискадан ўтиш имкониятига эга бўлдилар. Улар билан бирга оила аъзолари ҳам прописка қилинади.

Октябрь ойида Инвестиция давлат қўмитаси ва Ветеринария давлат қўмитаси ходимларига мана шундай ҳуқуқ берилгани тўғрисида хабар берилганди. Умуман олганда, раҳбарлари, ходимларининг доимий яшаши учун мурожаат этиши мумкин бўлган давлат идораларининг сони 73 тага этди, деб ёзади Norma.Uz 2016 йилги рўйхатда 59 та ташкилот киритилганди. 2018 йил июнида мазкур рўйхат 65 та ташкилотга кенгайтирилди.

Прописка учун қатор ҳужжатлар жамламаси керак бўлади, жумладан орган ёки ташкилот раҳбари тавсифномаси, лавозимга тайинланган буйруқдан кўчирма шунга киради.

Ислом Каримов даврида Тошкентга прописка қилиш амалиёти ўта мушкул иш саналган. Кейинги пайтлар чекловлар камайди, лекин у мутлоқ бекор бўлмади. Қоидага киритилган сўнгги қўшимчаларга кўра, пойтахтдаги янги қурилаётган уйлардан кўчмас мулк сотиб олган Ўзбекистон фуқароси пропискадан ўтиши мумкин.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳукумат қарори билан ўтган йили 18 июлда ташкил этилган. У маориф тизимидаги барча жараёнларни назорат қилиши лозим. Жумладан, инспекция таълим муассасаларини аттестация қилиш, нодавлат ОТМ ва лицейларига лицензия бериш, олий ўқув юртлари рейтингини тузиш ишлари билан шуғулланади.

Фаолиятини бошлаганидан бир йил ўтиб инспекция мамлакатдаги ОТМлар рейтингини ҳавола этди. Унга кўра, Ўзбекистон Миллий университети энг яхши, Қўқон педагогика институти ёнг ёмон ОТМ деб тан олинди. 2019 йил 1 январидан бошлаб инспекция туман ва шаҳарлардаги мактабларнинг самарадорлиги бўйича рейтинг туза бошлайди. Рейтингдаги ўринга қараб ўқув муассасасини текшириш ишлари белгиланади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги