15:17 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Токио Олимпиадасида иштирок этадиган спортчилар рағбатлантирилади

02.11.2018 14:34 msk

Фарғона

Ўзбекистон МОҚ биноси. Kun.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларида медаль қўлга киритиши эҳтимоли юқори бўлган спортчиларни танлаб олади ва уларга қолган атлетларга нисбатан сезиларли даражада кўпроқ миқдорда стипендия тўлай бошлайди. Бу ҳақда Kun.uz хабар беради.

«Токио-2020 Олимпиадасида ҳақиқатдан ҳам медаль олиши мумкин бўлган ўйинчиларни уларнинг рейтингига қараб ажратиб олдик. Уларнинг Миллий олимпия қўмитасидан оладиган стипендияси бошқаларига нисбатан камида 15 миллионга фарқ қилади. Уларнинг стипендияси миқдори 15 миллиондан 20 миллионгача этиб белгиланади. Қолганларники эса 2-5 миллион атрофида бўлиши мумкин. Мақсад – спортчилар рейтингда ўзларидан юқорида турган рақобатчиларига етишга интилишсин», — деди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчонов қўмита уюштирган учрашувда.

«Эндиликда саралаб олинган спортчилар йил 12 ой давомида хорижда йиғин ўтказиши бўйича топшириқ олганмиз. Эркин ва юнон-рум кураши бўлса, Грузияга боришсин, Кавказга боришсин; бокс бўлса, Кубада тайёрлансин, Европага борсин. Ҳар бир спорт федерацияси ҳақиқатда медаль олишга қодир спортчиларини билади. Уларнинг жаҳон миқёсидаги рейтинги ҳам баланд. Ўша спортчиларни саралаб оламиз. Уларнинг овқатланиш режими ҳам, уларга берилаётган эътибор ҳам, стипендия ҳам алоҳида бўлади. Уй-жой ёки машинаси бўйича муаммоси бўлса, буни ҳам ҳал қиламиз», - дея таъкидлади МОҚ бош котиби.

Мажлисда, шунингдек, президент топшириғи билан Президент Админстрациясида Жисмоний тарбия ва спорт бўйича алоҳида сектор ташкил этилгани ҳам қайд этилган.

Бундан аввал Тожикистонда Токио олимпиадасида иштирок этадиган спортчиларнинг Халқаро олимпия қўмитаси томонидан $200 дан $1000 гача стипендия олиши хабар қилинганди.

2016 йил Рио де Жанейрода ўтказилган Олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси тўртта олтин, иккита кумуш ва еттита бронза медалларини қўлга киритиб, 21-ўринни эгаллаганди. Қозоғистон терма жамоаси эса учта олтин, бешта кумуш ва тўққизта бронза медаллари билан рўйхатнинг 22-ўрнини эгаллаганди. Тожикистонлик спортчилар битта олтинни қўлга киритганлар. Қирғиз ва туркман спортчиларига медал олиш насиб этмаганди.

XXXII Олимпия ўйинлари 2020 йили 24 июлдан 9 августга қадар Япония пойтахти Токиода бўлиб ўтади. Мусобақаларда 205 та мамлакатдан 12.500 дан зиёд спортчилар қатнашадилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги