14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қорақалпоғистонда терилган пахта ичидан одам ва тарвузлар чиқди

02.11.2018 14:00 msk

Фарғона

Қорақалпоғистонликлар пахта ҳосилини топширишда «уддабурон» чиқиб қолдилар. Фермерлар томонидан пахта қабул пунктига топшилаётган «оқ олтин» ичидан одам ва тарвузлар борлигини кўриб, одамнинг «тарвузи қўлтиғидан тушиб кетиши» мумкин.


Пахтага чўмилган одам. Qalampir.uz сайти фотоси

Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманининг 3-секторида жойлашган “Халқобод пахта тозалаш” акциядорлик жамиятига қарашли “Бўз овул” фермер хўжалиги томонидан олиб келинган 2110 килограмм пахта ўлчовдан ўтказилгандан кейин кўздан кечирилганда трактор тиркамасидаги пахта орасида одам борлиги аниқланган. Бу одам трактор тиркамасидан туширилиб қайта ўлчанганда, пахтанинг оғирлиги 2020 килограмм тош босган, деб хабар беради Qalampir.uz.

“Аллияр Азамат” фермер хўжалиги томонидан олиб келинган 1426 килограммлик пахта хом ашёси ўлчангандан кейин текширувдан ўтказилганда, пахта юкланган трактор тиркамасининг остида жами 330 килограмм тупроқ солинган 5 халта ва 6 та тарвуз борлиги аниқланган.

Пахтага қўшилган оғир юк. Qalampir.uz сайти фотоси
Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуаси назорати инспекцияси аниқлаган мазкур ишлар бўйича маъмурий иш қўзғатилиб, туман судига юборилган.

Республиканинг бошқа ҳудудларида одамлар бунчалик уддабуронлик қилмасдан, анъанавий усуллардан қўлланишган. Масалан, Наманган вилояти Поп туманидаги учта фермер хўжалигида пахта ўрнига уч тонна тупроқ ва қум топширишга уриниш аниқланган. Андижон вилояти Бўз туманидаги «уддабуронлар» ҳам пахтага қум қўшиб топширмоқчи бўлганлар.

«Қўшиб ёзишлар» 2017 йили ҳам кузатилган ва шу туфайли Тошкент, Жиззах вилоятлари ҳокимлари ишдан бўшатилган. Ўзбек фермерлари режани бажариш учун “қўшиб ёзиш”га қўл урадилар. 2018 йили пахта ҳосилини териб олиш мавсуми янада мураккаблашди, чунки Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга қарши кураш эълон қилди, теримга ўқитувчи ва идора ходимларини жалб этиш тақиқланди.

31 октябрь маълумотларига кўра, Қорақалпоғистонда пахта топшириш режаси 80 фоизга бажарилган, 147,8 минг тонна пахта териб давлатга топширилган. Пахта далаларида 107,5 минг нафар одамдан иборат 1431 та меҳнат отрядлари меҳнат қилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги